02/Февраль/2023 Ватандошларимиз
СEУЛ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасида таниқли актёр, ҳуқуқшунос ва блогер, айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган ватандошимиз Отабек Маҳкамов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган мазкур тадбир давомида Отабек Маҳкамовнинг «Юксаклик сари, тасодиф бўлмаган 100 учрашув» номли китобининг тақдимоти, «Америкага ўқишга бориш, унинг ижобий ва салбий тарафлари» мавзусидаги маҳорат дарси ҳамда «Хорижий мамлакатларда ўз ўрнини топиш, муносиб яшаш» мавзусида давра суҳбат ўтказилди.
Жанубий Кореяда ишлаётган ва таҳсил олаётган 200 нафардан ортиқ ватандошларимиз иштирок этган ушбу ижодий учрашув жонли суҳбат ва мунозарага бой бўлди.
«Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 учрашув» китобини тақдим этар экан, муаллиф мазкур асарни 18 йиллик ижодий фаолияти давомида дунёнинг элликдан ортиқ давлатларида учратган 100 нафар афсонавий шахслар ва уларнинг ҳар биридан олган мотивацияларни баён этганини, китоб 3 йил давомида уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз) ёзиб тугатилганини маълум қилди.
«Ушбу китобдан тушган фойданинг бир қисми Тошкент шаҳрида жойлашган Гематология ва онкология марказидаги аҳволи оғир болажонларни даволашга сарфланади», деди муаллиф.
Учрашув иштирокчилари элчихонада ватандошлар учун яратилган шароитлар, айниқса, уларнинг турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказиши учун «Ватандошлар зали»нинг яратилганидан мамнунлигини изҳор этиб, келгусида бу каби тадбирларда фаол иштирок этишини билдирди.
Элчихонанинг консуллик бўлими вакиллари тадбир доирасида онлайн тарзда YouTube ва Facebook ижтимоий тармоғи орқали фуқаролар томонидан келиб тушган саволларга жавоб қайтарди.