Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Февраль/2021   Таҳлил

Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати: Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ютуқлари ва истиқболлари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида кириб келган йилда Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари, стратегик шериклик ва ўзаро ишончни янада  мустаҳкамлаш вазифаларининг  биринчи навбатдаги устуворлиги таъкидлаб ўтилди.

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан олиб борилаётган янги минтақавий сиёсат мамлакатнинг очиқ, амалий ва конструктив ташқи сиёсати йўлининг муҳим қисмига айланди. Тошкентнинг мулоқот ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва мавжуд келишмовчиликларни оқилона муросалар асосида ҳал этишга эътибор қаратиши сиёсий муҳитни сезиларли даражада яхшилаб, минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлашга имкон берди. Савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш ва минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмларини шакллантириш учун шароитлар яратилган бўлиб, бу Марказий Осиёнинг сиёсий-дипломатик ва иқтисодий жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.

Янги минтақавий сиёсатни муваффақиятли илгари суришда қуйидаги омиллар муҳим рол ўйнади:

Биринчидан, давлат раҳбари дипломатиясининг ҳамда барча даражалардаги расмий алоқаларининг юқори суръати. 4 йил давомида Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари билан 65 дан ортиқ учрашувлари бўлиб ўтди. Олий даражадаги алоқалар давомида муносабатларнинг асосий масалалари ҳал қилинди. Чунончи, Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойидаги Қирғизистонга ва 2018 йил март ойидаги Тожикистонга ташрифлари якунига кўра, давлат чегараси тўғрисидаги икки томонлама шартномалар имзоланиб, улар Ўзбекистон чегаралари умумий узунлигининг деярли 94% ни делимитация қилиш имконини берди. Давлат раҳбарларининг ишончга асосланган мулоқотлари сув ва экологик муаммолар муҳокамасини амалий йўлга қўйишни таъминлади. 2018 йилда Туркманистонда 2009 йилдан бери биринчи марта Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг саммити ўтказилди.

2020 йилда, пандемия шароитида минтақавий алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар давом эттирилди. Ўзбекистон Президентининг минтақанинг тўрт давлати раҳбарлари билан яқин алоқалари асносида (телефон орқали 35 дан ортиқ суҳбат бўлиб ўтди) фуқароларнинг четдан уйларига қайтиб келишига кўмаклашиш, савдони транспорт билан қўллаб-қувватлаш, ўзаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва муносабатларнинг бошқа долзарб масалалари фаол ҳал қилинди.

Иккинчидан, минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ва гуманитар алмашинувни ривожлантиришга ўзаро қизиқишнинг ортиши. 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ўсиб, 2,7 млрд. дан 5,2 млрд. долларга етди. 2019 йилда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 7,1 млрд. долларни ташкил этиб, бу 2018 йилга нисбатан 16,9% га кўп дегани. Минтақага тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб этиш 2017 йилдаги 26,83 млрд. доллардан 2019 йилда 36,14 млрд. долларга ўсди. Бунга ҳукуматлараро алоқаларни фаоллаштириш, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ёрдам берди. Чегараларнинг очилиши ва транспорт алоқаларининг ривожланиши 2017-2019 йилларда минтақада, асосан, Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг ўзаро саёҳатлари ҳисобига, кириш туризмининг деярли 25% га ўсишини таъминлади.

Учинчидан, минтақавий ривожланишнинг муҳим масалалари бўйича минтақа давлатлари манфаатларини мувофиқлаштириш ва халқаро майдонда умумий манфаатларни илгари суриш учун мавжуд объектив эҳтиёж. Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларини ўтказиш ташаббусини амалга ошириш шубҳасиз стратегик аҳамиятга эга бўлди. Биринчи учрашув 2018 йил март ойида Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтди. 2019 йил ноябрдаги иккинчи учрашув якунига кўра, Тошкентда биринчи марта Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниб, минтақавий ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича мувофиқлаштирилган қарашлар қайд этилди. Шунингдек, тобора кўпроқ Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми сифатида қаралаётган Aфғонистон бўйича умумий позиция баён этилди.

Давлат раҳбарлари Aфғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини, уни минтақавий савдо-иқтисодий алоқалар ва тинчлик жараёнига кўмаклашиш учун мўлжалланган инфратузилма лойиҳаларига жалб этишни қўллаб-қувватладилар.

2018 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» номли резолюциясини қабул қилиши муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон раҳбари ташаббуси ҳамда минтақа давлатлари билан биргаликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда Марказий Осиёдаги асосий муаммолар бўйича умумий ёндашувлар қайд этилган.

Марказий Осиё минтақачилигининг шаклланиб бораётган очиқ характерини “5 (МО мамлакатлари) +1” форматида Япония (2004 й.дан бери), Корея Республикаси (2007 й.), Европа Иттифоқи (2008 й.), АҚШ (2015 й.), Ҳиндистон (2019 й.), Россия ва Хитой (2020 й.) каби шериклар билан коллектив ўзаро ҳамкорлик механизмларининг муваффақиятли ривожланиши тасдиқлайди.

2021 йилда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга, пандемияни бартараф этиш бўйича бешта мамлакатнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги қаторида, Президент Ш.Мирзиёевнинг Мурожаатномада баён этилган халқаро ташаббусларини амалга ошириш ёрдам беради.

Жорий йилда Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясини ўтказиш минтақавий ва халқаро сиёсий ҳамда ишбилармон доираларнинг эътиборини минтақалараро ҳамкорлик салоҳиятига қаратади, Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё бозорларига кириш имконини берувчи транс-афғон темир йўллари, электр узатиш линиялари ва қувурлар қуриш бўйича ташаббусларини фаол амалга оширишга туртки беради.

2021 йилда Хивада ЮНЕСКО билан бирга ўтказилиши режалаштирилган "Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида" халқаро конференцияси минтақанинг жаҳон маданияти ва тараққиётига қўшган ҳиссасини муҳокама қилиш имконини беради.

Шу билан бирга конференция Марказий Осиё ва унга қўшни минтақаларнинг бепоён кенглигидаги кўп асрлик қўшничилик ва халқларнинг фаол ўзаро алоқаларини эсга тушириб, аввалги ўзаро боғлиқликни тиклаш истиқболлари, унинг бутун Осиё қитъаси интеграцияси ва барқарор ривожланиши учун аҳамияти тўғрисидаги тушунчаларни мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, Мурожаатномада таъкидлаб ўтилган воқеа - 2020 йилда Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтининг ташкил этилиши,  ўзбек томонининг асосий минтақавий жараёнларни амалий тадқиқотлар ва прогнозлаш асосида минтақавий ҳамжиҳатликни янада ривожлантиришга бўлган кучли сиёсий иродасини таъкидлайди.

Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сўнгги йилларда амалга ошаётган ўзаро алоқалар ривожи уларнинг минтақанинг барқарорлиги ва узлуксиз ривожланишини қўллашга бўлган умумий манфаатдорлик уларнинг минтақалараро ва глобал ҳамкорликка самарали қўшилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Дониёр Қурбонов,

Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлил

маркази директори в.б.

Мавзуга оид

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар и...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия универси...

Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат: тизимли “қ...

оронавирус пандемияси глобал даражада жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиётига катта ...

Ўзбекистон – БМТ: ўзаро манфаатли ҳамкор...

1992 йил 2 март - Ўзбекистон янги суверен, мустақил давлат сифатида Бирлашган Миллатлар Т...

Сўнгги янгиликлар