Uz / Ўз Ru En

Toshkent

08/Июнь/2021   Медиа

Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маданий мероси Туркия оммавий ахборот воситалари нигоҳида


ИСТАНБУЛ, 8 июнь. /«Дунё» АА/. Туркиянинг «Kerkük’ün SESİ»  газетасида  журналист  Я.Гюнгоранинг «Хивани кўрмасдан қайтманг!» ва «Ўзбекистон — очиқ чеҳрали инсонлар юрти» сарлавҳали мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА  мухбири.

Ҳар иккала мақолада Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маданий мероси атрофлича қаламга олинган.

Хусусан, «Хивани кўрмасдан қайтманг!» сарлавҳали мақолада  муаллиф ўқувчиларни ўзининг Хива бўйлаб саёҳати тафсилотлари билан таништирган. Унинг қайд этишича, туркий оламнинг замонавий дунёдаги ўрнини тўла англаш учун Хиванинг тарихий диққатга сазовор жойларини зиёрат қилмоқ лозим.

«Ўзбекистондаги саёҳатимизни навбатдаги манзили Хива бўлди, Орол денгизининг жанубидаги бу эртакмонанд шаҳар Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам чўллар билан ўралган бўлса-да, кўҳна кентнинг гўзаллиги бизни ўзига жалб қилди, - деб ёзади муаллиф. - Хоразмшоҳлар давлати даврида ташкил этилган шаҳар тахминан 2000 йиллик тарихга эга. Тарихий шаҳар Ичан қалъа деворлари билан ўралган. Бугунги кунда Хива шаҳри аҳолисининг сони юз мингга яқиндир. Урганч ва Хива шаҳарларини ўз ичига олган Хоразм вилояти шеваси турк тили шевасига жуда ҳам яқин».

Муаллиф ўқувчиларга Хива шаҳри номи қаердан келиб чиққани тўғрисидаги тарихий маълумотларни ҳам тақдим этган.  «Маълумотларга кўра, Хива номи Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Сом билан боғлиқ. Сом ўз қавмини қутқариш учун чўлга йўл олади ва узоқ сафардан сўнг бир минтақага келади. Атроф чўл бўлганлиги учун улар сувсиз қолади. Сом у билан бирга сафарга чиққанларга қудуқ қазиш учун жой кўрсатади, бироз қазигандан сўнг тоза сув чиқади. Сув топилганидан севинганлар «Хей-вак» (ширин сув) дея шодланишади. Вақт ўтиши билан бу сўз Хива шаклига кўчади», - деб ёзади нашр.

Хива мадрасалар шаҳридир. Ўнлаб иншоатлар ичидаги Муҳаммад Аминхон мадрасаси Ўрта Осиёнинг энг катта мадрасаси ҳисобланади. У 1850-1854 йиллар оралиғида ўша даврнинг ҳукмдори Муҳаммад Аминхон томонидан барпо этилган.

Муаллифнинг ёзишича, Хивада зиёрат қилиш керак бўлган жойлар жуда кўп. Жумладан, «Аёз қалъа», «Тупроқ қалъа» ва «Қизил қум чўли» ана шундай қадамжолардир. «Ичан қалъа томон юрсангиз баландлиги 7 метр ва узунлиги 2 минг 200 метр масофали ҳимоя учун лойдан қурилган деворлар сизни қарши олади. Қалъа ичида 54 та тарихий обида, 360 хонадон мавжуд», - дея қайд этилади мақолада.

 «Хива шаҳридаги обидаларнинг барчаси қадимий. Тарихий тор кўчалар ва бу ердаги одамлар ҳудди тарихий муҳитда яшаётгандек», - деб ёзади журналист  Я.Гюнгора.

«Kerkük’ün SESİ»  газетасида чоп этилган  «Ўзбекистон — очиқ чеҳрали одамлар юрти» номли мақолада эса мамлакатимизнинг бой тарихий мероси,  муқаддас зиёратгоҳлар, халқимиз самимияти ва жаҳонда давом этаётган пандеямиянинг республика иқтисодиётига таъсирини юмшатиш борасида амалга оширилаётган диққатга молик ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

Мақолада бутун дунё коронавирус билан курашаётган бир даврда Ўзбекистон ўз ҳудудида ушбу касаллик сонининг камлиги, ижтимоий-иқтисодий соҳада ташлаётган дадил қадамлари билан жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортаётгани маълум қилинган. Нашрнинг эътироф этишича,  “мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ҳар соҳада эътиборни тортмоқда. Ўзбекистон пандемия даврида ҳам хавфсиз сайёҳликни таъминлаш борасида ҳар томонлама кафолат бермоқда. Ўзбекистонда нафақат кўплаб меҳмонхоналар, балки аҳоли учун ҳам ранг-баранг уй-жойлар қурилиши жадал давом этмоқда».

У Бухоро ва Самарқанд бўйлаб саёҳати хусусида тўхталар экан, ушбу тарихий шаҳарларда ўзини худди минг бир кеча эртаклари қаҳрамонларидек ҳис қилганини таъкидлайди. «Мамлакат катта тарихий аҳамиятга эга бўлган маданият ўчоғи ҳисобланади, - деб ёзади муаллиф. - Илм-фан аҳли, санъаткор ва алломалари билан тарихга муҳр урган бу шаҳарлардаги ислом меъморчилиги энг юксак даражада эканлигига амин бўласиз. Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари ислом маданиятининг ўчоғидир”.

Мавзуга оид

Озарбайжон телевидениесида Ўзбекистонда ...

Озарбайжоннинг ITV ижтимоий телеканалининг «Хайрли тонг, Озарбайжон» («Sabahın xeyr Azərba...

Мисрдан муносабат: Ўзбекистон ҳар бир фу...

Ўзбекистонда маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Мис...

2021 йил январда Тошкентда ўтказиладиган...

Ўмон Султонлигининг етакчи оммавий ахборот воситалари мамлакат жамоатчилигини Ўзбекистонни...

Сўнгги янгиликлар