24/Январь/2022 Таълим
ПАРИЖ, 24 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев Париж-Сакле университетида ўткаазилган иқтидорли талабаларни мукофотлар маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир доирасида университет раҳбарияти билан ўтказилган учрашув чоғида олий таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Франция томонига мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тантанали маросимда университетнинг ҳуқуқ, иқтисодиёт ва менеджмент йўналишида таҳсил олган бакалавр ва магистратура босқичининг энг иқтидорли талабалари эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Шу билан бирга, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ университет профессор-ўқитувчиларига Франция Президенти номидан Академик Пальма ордени топширилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси «ҳуқуқшунослик» йўналиши бўйича таълим олган магистрларга эсдалик совғалари тақдим этди.
Париж-Сакле университетининг Жан Моне номидаги ҳуқуқ, иқтисодиёт ва менеджмент факультети декани Борис Бернабе ўз нутқида Ўзбекистон элчихонасига ушбу олий таълим муассасаси билан алоқаларни мустаҳкамлашга ва давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдирди. У, шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ҳар икки томон манфаатларига бирдек мос келишини қайд этди.
“Дунё АА”
Париж шаҳри