16/Январь/2022 Спорт
ТОШКЕНТ, 16 января. /ИА «Дунё»/. Грузиянинг Тбилиси шаҳрида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда.
Мусобақанинг дастлабки куни - 14 январда аёллар ғолиблик учун баҳсларга киришди. Ушбу дастурда ўзбекистонлик Зайнаб Дайибекова (рейтингдаги ўрни – 22) медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Юқори рейтингга эга бўлгани сабабли қорақалпоғистонлик спортчи баҳсларга 1/64 финал босқичидан қўшилди. Дайибекова билан бирга мусобақада иштирок этаётган барча ўзбекистонлик қиличбозлар саралашдаёқ имкониятни бой беришди.
Дайибекова эса ўтиш босқичида барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, 64 нафар сараланган спортчилар сафидан жой олди. Жаҳон кубогининг аёллар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳслари бугун, 16 январь куни ўтказилади.