30/Май/2023 Факт
ПАРИЖ, 30 май. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 27-28 май кунлари Париждаги Aраб дунёси институтида ўтказилаётган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўжизалари» кўргазмасига бағишланган маданий-маърифий дастур доирасида ўзбек зардўз устаси Нодир Расуловнинг маҳорат дарслари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Франция жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва унда 60 дан зиёд ўзбек маданияти ихлосмандлари иштирок этишди.
Маҳорат дарслари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирдан мақсад ўзбек халқ амалий санъатининг ушбу йўналишидаги энг яхши анъаналарни ривожлантириш, ўзбек зардўзлик мактабининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини янада оширишдан иборат.
Маҳорат дарсида иштирокчиларга зардўз устаси томонидан ушбу йўналишнинг келиб чиқиш тарихи, сир-асрорлари, тикиш услублари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Иштирокчилар зардўзлик дастгоҳида ўз тажрибаларини ошириш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
Шунингдек, маҳорат дарсига келган француз жамоатчилик вакилларида зардўз устанинг ипак толалари билан юқори маҳоратда ишлаши ҳамда матога бетакрор ўзбек маданияти ва тарихини ўзида ўзида мужассам этган нафис нақшларни тушириши катта таассурот қолдирди.
Хусусан, тадбир иштирокчиси бўлган Карин Бриссе Ўзбекистон маданияти, урф одатларини катта қизиқиш билан ўрганишини ҳамда ўзбек ҳунармандчилик мактабининг дунёда алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
«Бугунги тадбирга келиб ўзим учун ўзбек маданияти билан яқиндан танишиш ва зардўзликка оид кўплаб янгиликлар билан танишдим. Тадбир қаҳрамони томонидан намойиш этилган маҳорат дарси Ўзбекистонда нафақат зардўзлик, балки ҳунармандчикнинг бошқа йўналишлари ҳам ривожланаётганини яққол далили бўлди», деди у.
Маҳорат дарсининг фаол иштирокчиларидан бўлган Вероник Ле Пеннек ўзбек маданияти ва санъатига қизиқиши юқорилигини таъкидлаб, ушбу тадбир француз зардўзлик ихлосмандлари учун ўзгача кайфият бағишлаганини билдирди.
«Бугун уста зардўз Нодир Расулов томонидан намойиш этилган маҳорат сабоқлари бизга ўзгача завқ бағишлади, - деди Вероник Ле Пеннек. - Мазкур йўналиш ўзининг кўплаб сир-асрорларига эгалиги, унинг ижодкорлари эса кўп йиллик меҳнат ва матонат ҳамда тажрибага эга бўлишлари кераклиги ҳақидаги маълумотлар эътиборимни тортди. Шунингдек, ҳар бир нақшни яратишда зардўз уста ўзбек халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари тарихини чуқур билиши ҳақидаги талаб ҳам жуда муҳим».