Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Июнь/2021   Таълим

Ўзбекистондаги Гёте институти: Таълим соҳасида ҳамкорлик янада фаоллашади


ТОШКЕНТ, 7 июнь. /“Дунё” АА./ Хорижий тилларни ўрганиш ҳамма замонларда ҳам катта аҳамият касб этган ва бундан кейин ҳам муҳим бўлиб қолаверади. Айниқса, бугунги “космик” суръатларда ривожланиб, кескин ўзгариб бораётган замонавий глобал дунёда хорижий тилларни билиш замон талабидир. Мамлакатимизнинг “Янги Ўзбекистон” шиори остида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда дунёга юз тутаётгани ўз-ўзидан халқаро ҳамкорлик кўламининг кенгайишига сабаб бўлмоқда, бу эса хорижий тилларни чуқур билишга эҳтиёжни янада оширмоқда.

Шу ўринда 2021 йил 19 май куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам айни муддао бўлди.

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимизда фаолият олиб бораётган маданият муассасаси – Ўзбекистондаги Гёте институти тил бўлими бошлиғи Дилдора Муҳаммадаминова “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига институт томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган ҳамкорлик хусусида сўзлаб берди.

- Ўзбекистонда илм-фан йўналишларини тизимли тарзда ривожлантирилаётгани эътиборга лойиқ, албатта, - дейди Д.Муҳаммадаминова. - Жорий йил физика ва чет тилларига устувор аҳамият берилди.

Институтимиз Ўзбекистонда таълим ва маданият соҳасидаги қатор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Ҳамкорликнинг энг асосий  йўналишларидан бири – бу таълим соҳасида ҳамкорлик бўлиб, бу борада биз вазирлик ва малака ошириш институтлари, маҳаллий таълим муассасалари билан яқиндан иш олиб бориб, турли лойиҳаларни тақдим этиб келмоқдамиз. Хусусан, таълим тизимида ўқув дастурларини такомиллаштириш, педагоглар малакасини ошириш, инновацион-педагогик методларни такомиллаштириш ва татбиқ этиш каби кўплаб йўналишларда яқиндан истиқболли ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилган.

Хорижий тилларни ўрганиш борасида дунё тажрибасидан маълумки, бугун хорижий тилларни ўзлаштиришга билим сифатида эмас, балки билим олиш учун восита сифатида ёндашилмоқда. Шу сабабли, хорижий тилларни аниқ фанларга интеграциялаш чет тилларни ўқитишнинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланган. Бу борада институтимиз ўзбекистонлик ёш тил ўрганувчилар учун қатор лойиҳаларни таклиф этмоқда. Хусусан, 8-12 ёшдаги  ўқувчилар учун атроф муҳитдаги табиат ҳодисаларини тадқиқ этиш жараёнида немис тилини турли интерфаол ўйинлар орқали ўрганиш, болаларда табиий фанларни хорижий тиллар ёрдамида ўрганишига қизиқиш уйғотиш борасида “Болалар онлайн университети” лойиҳаси ишлаб чиқилган ва у мувафаққиятли амалга оширилмоқда.   

Шунингдек, 13-16 ёшдаги ўқувчилар учун эса “Ўсмирлар онлайн университети” лойиҳаси иш олиб бормоқда. Унда ўсмир ёшлар робототехника, табиат, барқарор ривожланиш, энергетика соҳаси каби мавзуларни қамраб олган ҳужжатли фильмлар орқали немис тилини ўрганиши мумкин. Ўрта умумтаълим мактабларида лойиҳа материалларидан немис тили бўйича дарсдан ташқари ташкил этилган тўгаракларда фойдаланилади ва “тажриба ҳафталиклари” ташкил этилади, шунингдек келгусида лойиҳа мавзусига оид видеофильмларни немис тилида теле- ва радиоканаллар орқали намойиш этиш ва эфирга узатиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ўрта умумтаълим мактабларининг иқтидорли, фаол ўқувчилари учун Гёте институти имтиҳонларида иштирок этиб, В2 ёки С1 даражадаги халқаро сертификатларни олиш имконияти ҳам мавжуд.

Президентимиз қарорида чет тили ўқитувчиларининг хорижий тиллардан билим даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган, бу борада ҳам тизимли ва самарали лойиҳалар ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Жумладан, ўрта умумтаълим мактаблари немис тили ўқитувчиларининг немис тилидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни халқаро тил имтиҳонлари тузилиши билан яқиндан таништириш, сертификат учун имтиҳон топширишларига имкон яратиш мақсадида тизимли равишда Гёте институти имтиҳонларига тайёрлаш семинарлари ташкил этилмоқда.

Хорижий тилларни самарали ўрганишни йўлга қўйиш учун аввало, сифатли ўқитишни ташкил этиш лозим. Бу халқаро миқёсдаги долзарб масала қарорда алоҳида ўрин эгаллагани барчамиз учун қувонарли ҳол. Шу ўринда, институтимиз томонидан бу борада амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳам таъкидлаб ўтишни жоиз, деб биламан. Хусусан, немис тили ўқитувчиларини босқичма-босқич малакасини ошириш мақсадида “Немис тилини ўқитишни ўрганамиз” - DLL онлайн дастур амалга оширилмоқда. Бунда немис тили ўқитувчилари германиялик мутахассислар томонидан олиб бориладиган онлайн малака ошириш машғулотларда иштирок этади ва муваффақиятли қатнашган ўқитувчиларга малакаларини тасдиқловчи халқаро сертификатлар берилади. Бундан ташқари, ўқитувчиларни илғор педагогик технологиялар, Германия ҳаёти ва маданияти билан яқиндан таништириш мақсадида уларни Германиядаги Гёте институтларига малака ошириш курсларига юборилади.

Вилоятлардаги ва олис ҳудудлардаги немис тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, уларни замонавий илғор методлар билан таништириш мақсадида ҳар йили 2-3 маротаба “Мобиль анжуман” ташкил этилмоқда. Анжуман доирасида, немис тилини ўқитиш борасида ҳар хил мавзуларда семинар-тренинглар ўтказилади. Бу эса, энг аввало, олис ҳудудларда жойлашган таълим муассасалари немис тили ўқитувчиларининг малакасини оширишга хизмат қилиш баробарида ўқитувчиларга ўз билим ва тажрибасини бойитишга имкон бермоқда.

Ўзбекистондаги Гёте институти ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳалар орқали мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганиш тизимининг тубдан такомиллашишига ўз ҳиссасини қўшади.

Баҳриддин Асланов суҳбатлашди.

“Дунё” АА. 

Мавзуга оид

Жиззахда Ҳиндистон билан ҳамкорликда Sam...

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Жиззах шаҳрида «Sambhram» университетини ташкил этиш ч...

Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ну...

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон давлат консерваториясини...

АҚШ Ўзбекистон ёшлари учун таълим дастур...

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат ...

Сўнгги янгиликлар