24/Октабрь/2020 Спорт
ТОШКЕНТ, 24 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов кеча Саудия Арабистони элчиси Хишам Мешаал Сувайлем ал-Сувайлем билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро дўстона алоқалар йўлга қўйилгани, ушбу ҳамкорлик спорт соҳасида ҳам тобора ривож топаётгани алоҳида эътироф этилди.
Равшан Эрматов мамлакамизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши — жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилганини ва бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.
Мулоқотда, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан Саудия Арабистони подшоҳлигининг Спорт бошқармаси ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида ишлаб чиқилган меморандумни саудияликлар томонидан кўриб чиқилишини тезлатиш, икки давлат спортчиларини халқаро мусобақаларга тайёрлаш учун спорт турлари бўйича қўшма ўқув-машғулотлар йиғинларини ташкил этиш, Ўзбекистонда от спортини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Саудия Арабистонида миллий спорт туримиз бўлган курашни янада ривожлантириш, борасида ўзаро фикр алмашилди.