25/Май/2022 Жамият
ОЛМАОТА, 25 май. /«Дунё» АА/. БМТ Тараққиёт Дастури томонидан жорий йил 23-24 май кунлари Олмаота шаҳрида Маказий Осиё давлатларида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш тизими ҳамда амалиётини ўрганиш натижалари сарҳисобига бағишланган ҳудудий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатадиган «Умид» ривожланиш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Дилдора Амирқулова ҳамда Фуқаролар ташаббусини қўллаб-қувватлаш маркази директори Венера Ерметованинг ушбу халқаро семинарда иштироки ташкил этилди.
Семинарда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан гендер зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилатиция қилиш масалаларига маъсул вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат делегациялар қатнашди.
Икки кун давом этган ушбу тадбир чоғида иштирокчилар бугунги кунда ўз мамлакатларида гендер зўравонликнинг олдини олиш, ушбу жиноят қурбонларини реабилитация қилиш, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан қай йўсинда хуқуқий ҳимоя этилганлиги, бу масалалар бўйича халқаро ташклотлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик муносабатлари га оид маълумотларни ўртоқлашганлари баробарида ўзаро тажриба ҳам алмашдилар.
Ўзбекистон вакиллари ўз тақдимотларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, хусусан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш учун амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида батафсил маълумотларни ўртоқлашдилар.
Ўзбекистон вакилларининг маърузалари семинар қатнашчилари томонидан илиқ қарши олинди ва мамлакатимизда йўлга қўйилган хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш тизимига юқори баҳо берилди.