Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

26/Август/2021   Ўсиш нуқтаси

Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон ўсимлигининг навбатдаги туркуми Италияга жўнатилди

ТОШКЕНТ, 26 август. /«Дунё» АА/. Бугун “BMB Trade Group” компанияси томонидан 1,1 миллион евро қийматидаги заъфарон доривор ўсимлигининг навбатдаги туркуми Италияга жўнатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилган маҳсулотлар хорижда оммалашиб бораётган «BMB Zaʼfaron» бренди остида жўнатилди.

Маросимда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги вазирликлари вакиллари, “BMB Trade Group”  компанияси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Маълумки, жорий йил июнь ойида “BMB Trade Group” ва Италиянинг Gesfarm&food компаниялари ўртасида заъфарон доривор ўсимлигини етказиб бериш бўйича умумий қиймати 15 миллион еврони ташкил этувчи экспорт шартномаси имзоланиб, 29 июль куни маҳсулотнинг дастлабки туркуми Европага юборилган эди.

Тадбирда “BMB Trade Group” компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Жиззах вилоятида заъфарон плантациялари яратиш лойиҳаси Инвестициялар ва ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги, ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасининг фаол кўмагида амалга оширилаётганини қайд этди.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани самарасида “BMB Trade Group” компанияси бундай натижаларга эришмоқда", - дея таъкидлади у. – Бу хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларимиз кенгаяётгани ва экспорт салоҳиятимиз юксалаётганидан далолат беради”.

Давлатимиз раҳбарининг 20 август куни мамлакатимиз ишбилармонлари билан очиқ мулоқоти Ўзбекистонда тадбиркорликни давлат сиёсати даражасида ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.

Шу боис компания заъфарон экилаётган майдонни кенгайтириш, ушбу доривор ўсимликни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, янги доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали мамлакатда ўз салоҳиятини оширишда давом этмоқда.

Заъфаронни Италияга экспорт қилиш амалиёти компаниянинг навбатдаги улкан режаларининг бошланиши ҳисобланади. Шу боис компания Ўзбекистонни заъфарон ўстириш бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бири сифатида илгари суришга интилмоқда. Бугунги кунда хорижий мамлакатларда юқори сифатли “BMB-Zafaron” маҳсулотларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров бугунги кунда заъфарон дунёдаги энг қимматбаҳо дорилардан бири эканини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, элчихона Ўзбекистонда заъфарон етиштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон  ва Италия компаниялари ўртасида музокаралар олиб бориш ҳамда уни амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда.

“Ўзбекистонда ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши ва заъфаронни Европа давлатларига, хусусан, Италияга экспорт қилиш ҳамкорларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда, - деди элчи. - Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш жараёнида Италиянинг энг яхши амалиёти ва замонавий технологияларидан кенг фойдаланиш мумкин”.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош мутахассиси Улуғбек Бурхонов:

- Бугун биз Ўзбекистонда етиштириладиган мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун янги бўлган заъфарон каби маҳсулотни Европа бозорига жўнатиш жараёнининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шуни таъкидлаш керакки, заъфарон тайёр маҳсулот бўлиб, уни етиштириш жараёни мураккаб ва кўп меҳнат талаб қилади. Лекин айни пайтда жаҳон бозорида унга талаб катта. У нафақат таомларга қўшишда, балки фармацевтика саноатида ҳам кенг қўлланилади. Заъфарондан олинган эфир мойлари асосида юрак, қон томирлари, ошқозон, кўз катарактаси ва бошқа касалликларни даволашда ишлатиладиган турли дорилар ишлаб чиқарилади.

Заъфарон етиштиришга муваффақ бўлган ва уни экспорт қила бошлаган BMB Trade Group компаниясини ушбу муваффақият билан табриклаймиз. Ўз навбатида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон тадбиркорларини қўллаб-қувватлашда давом этишга ва маҳсулот экспортига кўмаклашишга тайёр.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги инвестицияларни рағбатлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Абдураҳмонов:

- Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар таркибида улкан ўзгаришлар юз бераётганини кўриш қувонарлидир. Хусусан, BMB Trade Group компаниясининг муваффақиятли тажрибаси Европа технологияларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификациялашнинг яққол наъмунасидир.

Заъфарон етиштириш ва ишлаб чиқариш Европанинг юқори даражали бозорларига чиқиш учун янги имкониятларни очади. Бу инновациялар ва илм-фан янгиликларини жорий этилиши билан Ўзбекистон бозори шу каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан жаҳон бозорларида муваффақиятли рақобатлаша олишининг далилидир.

Шунингдек, «BMB-Zafaron» савдо белгиси ўзбек тадбиркорлари ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига етказиб бериш йўлларини излашлари муваффақият қозонишининг далилидир.

Мавзуга оид

«TEXNOPARK»га чет эллик тадбиркорлар дел...

Бугун «TEXNOPARK»га Россиянинг «Политег холдинг» ва Норвегиянинг «JOTUN» компанияси вакилл...

Миср ОАВларида: “Ўзбек тили ХI-ХIII асрл...

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган т...

“BMB Zaʼfaron” маҳсулотини Европага эксп...

Жорий йил июнь ойида “BMB Trade Group” томонидан италиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати ...

Сўнгги янгиликлар