27/Январь/2023 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ҚОҲИРА, 27 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти директори, элчи Валид Ҳаггог билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорига мувофиқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида ташкил этилган Дипломатик академия ва унинг фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Дипломатик академияда захирадаги дипломатларни тизимли тайёрлаш бўйича қисқа муддатли курслар йўлга қўйилган. Академиянинг яқин режаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралари вакилларини интенсив тарзда қисқа ва узоқ муддатли асосда тайёрлаш, шу жумладан, магистрлик дастурлари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим босқичини ташкил этиш кўзда тутилган.
Валид Ҳаггог Тошкентдаги Дипломатик академияда олиб бориладиган курсларга республиканинг катта амалий ва илмий тажрибага эга етакчи мутахассислари, олимлар, хорижий давлатларнинг дипломатик ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари жалб этилаётганини юқори баҳолади.
Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти директори, шунингдек, ўзи раҳбарлик қилаётган институт фаолияти тўғрисида маълумот берди.
«Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Дипломатик академия раҳбарияти ҳамда ЖИДУ таркибидаги Хорижий тилларни ўқитиш тил маркази билан ўзаро муносабатларни муҳокама қилишга тайёрмиз», деди Валид Ҳаггог.
Маълумот учун: Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти 1966 йили ташкил этилган. Институт мамлакат ташқи сиёсатида хизмат қилувчи етук кадрлар етиштириш, ҳукумат идоралари ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил этишда катта тажрибага эга нуфузли таълим маскани ҳисобланади.