Uz / Ўз Ru En

Toshkent

27/Июль/2021   Долзарб

Ўзбекистонда аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соддалаштириш бўйича янги талаблар ҳаётга тадбиқ этилмоқда


ТОШКЕНТ, 27 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу фармоннинг қабул қилиниши мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хусусан, давламиз раҳбари фармони билан 2021 йил 1 ноябрдан:

-«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);

-Давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади ҳамда давлат хизматини кўрсатиш тўлиқ якунланади.

Бунда ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилиб, кейинчалик давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан акцептсиз ундириб олинади.

2022 йил 1 январдан 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди.

Маълумот учун: Хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган герб бланкаси учун йиғим ундириш бекор қилинди.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

-чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистонинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш;

-Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга ошириш;

-2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш, шу жумладан, давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширишни йўлга қўйиш белгиланди.

2022 йил 1 январдан  16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни  талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ушбу 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Фармоннинг яна бир муҳим томони 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтириши шартлиги белгиланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилади. Бу орқали давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобиль алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имкониятини яратилади.

Фармоннинг 2-иловаси билан 2021-2023 йилларда қўшимча 87 турдаги хизматни давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланди. Бунинг натижасида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 157 тадан 244 тагача ошади.

Фармоннинг 4-иловасига мувофиқ вазирлик ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда улар ўртасида электрон маълумот алмашишни йўлга қўйиш ҳисобига 59 турдаги давлат хизматини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилмоқда.

2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилишда композит хизмат кўрсатишни йўлга қўйилиши белгиланди.

Ҳужжатда 2022 йил 1 январдан  «автомобиль тарихи» давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.

Бунда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали мурожаат қилиб, автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида шартномавий асосда маълумот олиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари,  2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланишини таъминлаш ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга «ֿягона мижоз» тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйилади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу ҳужжат жамиятда мавжуд турли қоғозбозлик, фуқаролар вақтини бесамар олиш, бюрократияни бартараф этиш, замонавий давлат хизматларини кўрсатиш сони ва сифатини янада енгиллаштириш бўйича навбатги тарихий ислоҳотлардан бири бўлди.  

Мавзуга оид

Ўзбекистон Эронга инсонпарварлик ёрдамин...

Дунёда янги турдаги коронавирус эпидемиясининг тарқалиши ортидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ваз...

Хитойдан қайтиб келган 197 нафар самарқа...

Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан тақдим этилган маъ...

Сеулдан муносабат: Тошкент конференцияси...

Корея Республикасида инглиз тилида чоп этиладиган «The Korea Herald» газетасида 15-16 июль...

Сўнгги янгиликлар