31/Октабрь/2022 Илм-фан
БОКУ, 31 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти профессори ва Ўзбекистон Физиклар кенгаши аъзоси, профессор Жасуржон Аҳатов ҳамда мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Озарбайжонда ўтказилган илмий анжуманда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Озарбайжон Фан ва таълим вазирлиги, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети (UNEC) ва Туркиянинг Сакаря университети ҳамкорлигида “VI Туркий дунё кимё фанлари ва технологиялари” ва “IV Табиий фанлар, ихтиролар” мавзуларида халқаро конференциялар ўтказилди.
Тадбирнинг очилишида UNEC ректори, профессор Адалат Муродов туркий дунё давлатлари вакиллари иштирокида ўтказилаётган ушбу анжуманлардан мақсад иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш жараёнида илм-фанни талаб қилувчи соҳаларни юқори технологиялар асосида ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат эканини таъкидлади. Инсониятга зарур бўлган янги технологияларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш муҳандислик, тадқиқот ва илмий изланишлар орқали амалга оширилиши мумкинлигини қайд этиб, сўнгги йилларда UNECда муҳандислик ва амалий фанлар базаси сезиларли даражада мустаҳкамланганини билдирди.
UNEC ректорнинг айтишича, техник ва технологик йўналишларга бағишланган конференциялар доирасида дунёнинг 20 га яқин давлатидан 50 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакилларининг 250 га яқин маърузалари тингланди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти профессори, Ўзбекистон Физиклар кенгаши аъзоси, профессор Жасуржон Аҳатов IV Табиий фанлар, ихтиролар анжуманида маъруза қилди.
Илмий конференция доирасида, шунингдек, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия олий ўқув юртлари, илмий марказларидан келган олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон-Озарбайжон ва Ўзбекистон-Туркия илмий ҳамкорлик лойиҳаларида фаол иштирок этиш борасида келишувларга эришилди.
Туркий дунё давлатлари вакиллари иштирокида ўтказиб келинаётган мазкур илмий анжуманларни келгуси Тошкент шаҳрида ташкил этиш таклифи билдирилди.