Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


29/Июль/2021   Сиёсат

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари Сеулда икки томонлама махсус стратегик шерикликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилади


ТОШКЕНТ, 29 июль. /«Дунё» АА/. Бугун  Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига амалий ташрифи бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф дастурида Ташқи ишлар вазирлиги, парламент, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Яшил ўсиш глобал институти (GGGI), бошқа идораларда учрашувлар ва музокаралар, шунингдек, Инчҳон шаҳридаги Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес маркази фаолияти билан танишув кўзда тутилган.

 Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини, шунингдек, бўлажак икки томонлама тадбирларни муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасидан маълум қилинишича, кеча элчи Виталий Фен Сеулда Корея Республикаси ташқи ишлар вазирлиги протоколининг бошлиғи Ю Жонг Хён билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Корея Республикасига амалий ташрифининг протокол масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, жорий йилда турли даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш жадвали юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Пандемия шароитига қарамай, олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотни давом эттираётгани таъкидланди. Икки томонлама муносабатлардаги асосий тадбир 28 январь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг биринчи онлайн-саммити бўлиб, мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш имконини ҳамда икки мамлакат ўртасидаги махсус стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди.

Давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш мақсадида 29 март куни икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Чон Ий Ён ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Самимий ва дўстона руҳдаги суҳбат чоғида вазирлар икки ва кўп томонлама кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашди.

- Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Сеулга ташрифи самарали бўлишига, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишига ишончим комил, - деди Жанубий кореялик дипломат. - 2005-2007 йилларда Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган давримни доимо мамнуният билан эслайман. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва самимийлиги менда катта таассурот қолдирган.

Музокаралар якунида Ю Жонг Хён ташқи ишлар вазирлиги протоколи раҳбари сифатида Сеул ва Тошкент ўртасидаги махсус стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиш учун барча сайъ-ҳаракатларни  сафарбар этишга ҳозир эканини билдирди.

Мавзуга оид

Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Франциянинг Европа ва ташқи ишлар ва...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Қир...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С....

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Вашингтонд...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 18 но...

Сўнгги янгиликлар