29/Июнь/2022 Долзарб
ТОШКЕНТ, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Бугун “Ўзбекистон – Хитой: дўстона ҳамкорликнинг 30 йиллиги” мавзусида онлайн-конференция бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази (ХМАТМ) томонидан Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти билан ҳамкорликда
ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Анжуманда Хитойнинг Пекин, Шанхай ва Сиандаги Марказий Осиёни ўрганишга ихтисослашган нуфузли таҳлилий марказларининг мутахассислари иштирок этади. Унда Ўзбекистон томонидан Стратегик
ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, ХМАТМ, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЖИДУ ва ТДШУ ҳузуридаги Ўзбекистон-Хитой Конфуций институти мутахассислари маъруза қилади.
Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчиси Фарҳод Арзиев ва ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзянь Ян табрик сўзи билан чиқади.
Тадбир давомида икки томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, анжуман доирасида Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ривожи, барқарор ривожланиш йўлидаги таҳдид ва хавфларга биргаликда қарши курашиш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам самарали фикр алмашилади.