08/Январь/2022 Парламент
ТОШКЕНТ, 8 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тило Клиннер билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Парламент қуйи палатаси маълуотига кўра, мулоқот аввалида Акмал Саидов Тило Клиннерни мамлакатимизда элчи этиб тайинлангани билан қутлаб, масъулиятли ва шарафли дипломатик миссияни амалга оширишида унга муваффақият тилади.
Меҳмонга юртимизда кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, фракциялар, қўмиталар ва комиссиялар иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида ахборотлар тақдим этилди.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлар қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Тило Клиннер самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Германия алоқалари, хусусан, парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда бор имкониятини ишга солишини айтиб ўтди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий таклифлар билдирилди.