28/Ноябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳром Аълоев бугун Қирғизистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Мусо Жаманбаевни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорлик ижобий суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат Президентларининг учрашувлари ва музокаралари якунида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Турли даражадаги бўлажак мулоқотларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб мавзулари юзасидан фикр алмашилди.
Саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонларнинг парламентлараро, минтақалараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга тайёрлиги қайд этилди.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).