04/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /«Дунё»АА/. 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Польша Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги давлат котиби, ҳукуматнинг хорижий инвестициялар бўйича ваколатли вакили, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Гжегож Пеховяк билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, савдо-иқтисодий соҳадаги шерикликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон бозорига Польша сармоялари ва энг янги технологияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, сўнгги уч йилда эса Ўзбекистонда Польша капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони икки баробарга ошгани мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш, хусусан, Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссияси доирасидаги қўшма ишларни давом эттиришга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар. Шу нуқтаи назардан, келгуси йилда Комиссия йиғилиши ва бизнес-форум ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Тўқимачилик ва рақамлаштириш соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.