04/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2 декабрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат аввалида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ҳамкасбини ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 29-йиғилиши муваффақиятли ўтгани, шунингдек, Польшанинг ташкилотга раислиги муносиб якунлангани билан табриклади.
Учрашувда Ўзбекистон-Польша муносабатларининг долзарб масалалари, шунингдек, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2023 йилда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 8-мажлисини ташкил этишдан манфаатдорлик билдирилди.
Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.