28/Ноябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳром Аълоев бугун Қозоғистон элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, давлатлар раҳбарларининг шахсий алоқалари, очиқ ва ишончли мулоқоти туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Бугунги кунда икки мамлакат ҳамкорлиги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида фаол ривожланмоқда.
Турли даражадаги режалаштирилган ташрифлар ҳамда учрашувларнинг жадвали ва уларнинг ташкилий ҳамда мазмундорлиги юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Савдо, автомобилсозлик, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперацияни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Бўлажак маданий-гуманитар тадбирларга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат фуқароларининг ўзаро саёҳатларини ташкил этиш орқали туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).