18/Январь/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
СEУЛ, 18 январь. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг энг оммабоп нашрларидан бири - «The Korea Post» журнали ўзининг расмий сайтида Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш миллий маркази очилгани ва ушбу марказда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳақидаги мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда маълум қилинганидек, Мудофаа вазирлигида барпо этилган ушбу марказ қўшинлар бошқарувининг энг замонавий шаклларини ўзида мужассам этган бўлиб барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боришга ихтисослашган. Мажмуа юқори технологик имкониятлари билан юртимиз ҳаво сарҳадларини, ўқув муассасалари ва полигонлардаги машғулотлар жараёнини реал вақтда кузатиш, бўлинмаларнинг ҳаракатини транк алоқа орқали назорат қилишни таъминлайди.
Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда ҳарбий-маъмурий секторларнинг иштироки, қўшинларнинг кундалик ва жанговар фаолияти бўйича маълумотлар тўпланиб, тизимли мониторинг олиб борилиши ҳам кореялик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ушбу марказда яратилган шароитлар ва техник имкониятлар билан танишди ва шу ернинг ўзида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Йиғилишда Қуролли Кучлар тизими ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2021 йилги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгиланди”, деб ёзади «The Korea Post» журнали.