Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


23/Сентябрь/2021   Президент

Ўзбекистон Президенти Хоразм вилоятига борди


ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида кеча Қорақалпоғистон Республикасидан Хоразм вилоятига келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Янги Ўзбекистон» газетаси манбасига кўра, давлатимиз раҳбари дастлаб Амударёда қурилаётган кўприкни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари ушбу кўприк лойиҳаси билан ўтган йили декабрда Хоразмга ташрифи чоғида танишган, кўп ўтмай унинг қурилиши бошланган эди. Бугунги кунда қирғоқлар темир-бетон билан мустаҳкамланиб, кўприкнинг таянч устунлари қурилмоқда.

Лойиҳанинг қиймати 174 миллион доллар бўлиб, унинг эвазига 80 километрлик темир йўл ва Амударё устида 413 метр узунликдаги кўприк барпо этилади.

Президентимиз қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди.

- Бу одамлар узоқ йиллар кутган лойиҳа. Энди янада кўп йиллар халқимизга хизмат қилиши керак. Шунинг учун биринчи ўринда сифат. Ажратилган маблағ кичкина эмас. Тажрибали мутахассисларни жалб этиб, ҳар бир жиҳатни ўйлаб, элимга, юртимга деб қуриш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бу инфратузилмаларнинг самарадорлиги жуда юқори. Масалан, Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл масофаси 240 километрга, вақти эса 6 соатга қисқаради. Маҳаллий юк ташиш ҳажми йилига 12 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошади. Шунингдек, халқаро транзитлар учун ҳам қулайлик кенгаяди. Автомобиллар ҳаракати яхшиланиб, аҳолининг узоғи яқин бўлади.

Давлатимиз раҳбари Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуасининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Бу борадаги лойиҳа Президентимизнинг вилоятга аввалги ташрифи чоғида кўриб чиқилган, мутахассислар фикрлари асосида такомиллаштирилган эди. Мажмуа шаҳарнинг Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасидаги қарийб 8 гектар майдонда бўлади. Бугунги кунда ҳайкалнинг асоси қурилмоқда. Бронзадан Жалолиддин Мангубердининг от устида қилич тутиб турган ҳайкали ясалган. Унинг асоси билан бирга жами баландлиги қарийб 25 метр бўлиб, узоқдан ҳам кўриниб туради.

Давлатимиз раҳбари мажмуа мазмунини бойитиш, шароитларини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.

- Бу ер билим, маънавият, ғурур маскани бўлиши керак. Келганлар айланиб, ҳордиқ чиқариши билан бирга Мангуберди бобомиз ҳаётини яққол тасаввур қилиши, бундан руҳ олиши керак. Хиёбон бўйлаб унинг жанглари, қаҳрамонликлари ҳақида лавҳлар ёзиб қўйиш мумкин. Бу тарихни ва чет тилларини яхши билган гидлар тайёрлаш ҳам зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Ал-Хоразмий кўчаси бўйлаб қурилган ерости йўлини ҳам кўздан кечирди.

Қурилиш ишлари битгач, ҳудуд ободонлаштирилиб, манзарали дарахтлар экилади, фавворалар барпо этилади. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари, туризм хизматлари ташкил этилади.

Мажмуани эксплуатация қилишни тўғри йўлга қўйиш, бу ерда байрам тадбирлари, фестиваллар ўтказиш учун ҳам шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ушбу манзидан кейин Президент кортежи Хива тумани Шомохулум маҳалласида тўхтади. Давлатимиз раҳбари бу ерда яшовчи Комил Раҳимов хонадонига кириб, аҳолининг яшаш шароитлари билан қизиқди.

Комил ота узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида ишлагани, турмуш ўртоғи Сония ая билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказганини сўзлаб берди. Охирги йиллардаги имкониятлар натижасида янги уйга эга бўлгани, фарзандлари университетга ўқишга кирганини айтди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, Хоразм вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида самимий суҳбат бўлди. Хонадон эгалари бу ўзгаришларни ҳар бир одам ўз ҳаётида сезаётгани, турмуш даражаси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди.

Шундан сўнг, Президент Хива гилам комбинати фаолияти билан танишди.

Илгари бу жой фойдаланилмай турган бино эди. 2020 йил сентябрда унинг ўрнида замонавий комбинат ташкил этилди. Бу йил август ойида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилди.

Корхонага Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан энергия тежовчи ускуналар келтириб ўрнатилган. Бу ерда полипропилен ип, гилам ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва шоу-румни кўздан кечирди.

Комбинатда 250 та иш ўрни яратилган. 2022 йилда учинчи босқич - акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етади. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 5 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Президентимиз маҳсулот турларини кўпайтириш, бошқа туманларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига сафари якунига етди.

Мавзуга оид

Президент Шавкат Мирзиёев Нукусда Муса Е...

Хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қорақалпоғистонга келди. Давлатимиз р...

«Кўксарой» қароргоҳида Покистон Бош вази...

«Кўксарой» қароргоҳида бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ма...

Ўзбекистон Президенти Самарқанд вилоятид...

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лой...

Сўнгги янгиликлар