30/Июнь/2022 Парламент
ТОШКЕНТ, 30 июнь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси Озарбайжонга расмий ташриф доирасида икки мамлакат тадбиркор аёлларининг биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, форумда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик каби соҳаларни қамраб олган Ўзбекистон тадбиркор аёллари делегацияси иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан ишбилармон аёллар икки мамлакатнинг турли соҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш борасида тажриба алмашиш ва долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай майдонга айланган ушбу форумнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлади.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссия ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Озарбайжонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш уюшмаси ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 54 млн доллардан ортиқ миқдорда 20 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланди.