25/Май/2022 Иқтисодиёт
ДУБАЙ, 25 май. /«Дунё» АА/. Кеча Бирлашган Араб Амирликларининг Халқаро савдо марказида «Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари, интерьер ва дизайн – INDEX-2022» кўргазмаси иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кўргазмада эътибор қозонган мебель жиҳозлари, интерьер ускуналар, замонавий технологиялар, ишлаб чиқарувчиларнинг диққатга сазовор муваффақият ва тажрибалари намойиш этилмоқда. Тадбирда дунёнинг 50га яқин мамлакати, жумладан, Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Туркия, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Тунис, БАА, Саудия Арабистони, Испания, Италия, Германия, Греция, Миср, Индонезия, Малайзия, Япония, Жанубий Корея, Филиппин, Таиланд, Мексика ва бошқа мамлакатлар компаниялари милий маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Кўргазмада мамлакатимизнинг «Treet», «Aiko», «Ixlos mebel», «Meyos», «Mix Info», «Afat», «Honor» компаниялари ҳамда «Isom Sayf» интерьер дизайнерлари томонидан «Made in Uzbekistan» стенди ташкил этилди.
Ўзбек дипломатлари томонидан икки томонлама манфаатдор ҳамкорликни ўрнатиш мақсадида юртимиздан келган тадбиркорлар учун мебель, ишлаб чиқариш технологиялари, интерьер ва дизайн соҳасида фаолият кўрсатувчи етакчи компанияларнинг раҳбарлари, импортчилар ва дистрибьюторлар билан учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар давомида ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари ҳақида маълумот берилгани баробарида истиқболдаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
«INDEX-2022» кўргазмаси 26 майга қадар давом этади.