Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

27/Май/2022   Долзарб

Ўзбекистон ЕТТБнинг «Метан бўйича глобал мажбурият» дастурига қўшилди

ТОШКЕНТ, 27 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ)  «Метан бўйича глобал мажбурият» дастурига қўшилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


 Ушбу дастур доирасида ЕТТБ Ўзбекистонга метан чиқиндиларини бошқариш бўйича миллий дастурини ишлаб чиқишга, шунингдек, энергетика, қаттиқ маиший чиқиндалар ва агробизнес тармоқларига эътибор қаратиш бўйича ички чораларни кучайтиришга ёрдам беради.

ЕТТБ томонидан тарқатилган матбуот хабарида қайд этилишича, ташкилот Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп бўлган давлатнинг глобал исишга қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон 2030 йилгача метан чиқиндиларини 30 фоизга камайтиришга қаратилган Метан бўйича глобал мажбуриятда (МГМ) иштирок этиш орқали глобал исишга қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон иссиқхона газлари эмиссияси суръати юқори бўлган минтақа ҳисобланмиш Марказий Осиё минтақасида ушбу аҳдномага қўшилган иккинчи мамлакат бўлди.

 Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлиги метан чиқиндилари бўйича миллий дастурини ишлаб чиқишга келишиб олди. Бундай дастур МГМнинг улкан мақсадларига эришиш учун асосий режалаштириш воситасига айланади.

 Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров метан гази эмиссиясининг иқлимга туғдираётган хавфини эътироф этган ҳолда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу муаммога давлат миқиёсида алоҳида эътибор қаратаётганлигини маълум қилди. Жамшид Қучқоровнинг фикр билдиришича, агробизнес соҳасидаги бундай фаолият учун янги технологияларни жорий этиш ва мамлакат фермерлар ҳамжамияти билан яқиндан ишлаш лозим бўлади.

 ЕТТБ президенти Одиле Ренауд-Бассо ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни эътироф этди.

-Ўзбекистонда метан гази эмиссияси даражасини пасайтириш икки томонлама таъсирга эга бўлади, - деди ЕТТБ президенти. - Бу Париж битими бўйича мувофиқлаштириш йўлидаги муҳим қадам ва айни вақтда, иқтисодий ҳамда экологик жиҳатдан фойда олиш имкониятидир. Мазкур қадам Ўзбекистон учун иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш мақсадига эришишнинг жуда қулай усули бўлади. Бизнинг техник ва молиявий кўмагимиз эса Ўзбекистонга атмосферага чиқиндилар эмиссиясини 2030 йилга қадар тез суръатларда камайтиришга ёрдам бериши керак.

Метан кучли иссиқхона гази бўлиб, у қуйи сатҳда озон қатламининг пайдо бўлишига олиб келади. Озон гази ҳам иссиқхона газлари туркумига мансуб бўлиб, айни вақтда хавфли ҳаво ифлослантирувчиси ҳисобланади. Метан гази ахлатхоналарда, нефт ва табиий газ тизимлари, қишлоқ хўжалиги фаолияти, кўмир қазиб олиш, ёқилғиларни стационар ва кўчма ёқиш ишлари, оқава сувларни тозалаш ва айрим саноат жараёнларида юзага келади.

 БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига кўра, метан гази саноат инқилобидан олдинги даврдан бери глобал исишнинг қарийб 30 фоизини шакллантирган. Шунингдек, унинг тарқалиши бўйича маълумотларни қайд этиш 1980 йилларда бошланган. Ўтган даврда унинг энг тез суръатларда тарқалиши айнан бизнинг давримизга тўғри келмоқда.

 ЕТТБ метан гази чиқиндиларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш борасида пешқадамлардан бири ҳисобланади. Банк инвестицияларни сиёсат ва техник ёрдам билан бирлаштирган ҳолда олиб боради. ЕТТБ, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва деҳқончиликнинг илғор тажрибаларини тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорлар, жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Мавзуга оид

Тожикистон Президентининг ўзбек тилида ...

Кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонн...

Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари...

Жанубий Кореянинг нуфузли нашрларидан бири - «The Korea Post» журнали ўз расмий веб-саҳифа...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ф.Сидиқов Туркий кенгаш саммити якунлари ҳақида ...

Сўнгги янгиликлар