Uz / Ўз Ru En

Toshkent

08/Март/2021   Сайёҳлик

Ўзбекистон элчиси Латвия Бош вазирининг маслаҳатчиси билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ва бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилди


РИГА, 8 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Қадамбой Султонов Латвия Бош вазирининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Дана Голдфинча билан онлайн-мулоқот ўтказди, деб хабар берди «Дунё» АА мухбири.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Латвия ҳамкорлигининг истиқболлари, турли даражаларда режалаштирилаётган мулоқотларга тайёргарлик кўриш жараёни, БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар масалалари муҳокама қилинди.

Латвия ҳукумати раҳбарининг маслаҳатчиси Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништирилди.

Томонлар вазирликлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди, иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисига пухта тайёргарлик кўрилаётганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига 6 минг номдаги товарларни божсиз олиб киришга имкон берадиган «GSP+» тизимининг бенефициар мақомини олиш бўйича саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот тақдим этилди.

2021 йилнинг Ўзбекистон учун алоҳида аҳамияти таъкидланди.

Хусусан, сентябрь ойида мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритганининг 30 йиллиги кенг нишонланади, июль ойида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар»  мавзусидаги халқаро конференция ва «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» номли Хива форумини ўтказиш режалаштирилган.

Дана Голдфинча эътибори Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи мазмун-моҳиятига ҳам қаратилди.

Суҳбатдош Латвиянинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштиришга қаратилган амалий қадамлар қўйишга содиқлигини билдирди.

Рига Тошкент билан шериклик даражасини оширишга қизиқиш билдираётгани алоҳида таъкидланди. Ўзаро ҳамкорлик кун тартибини амалий мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бўйича фикр алмашилди.

Дана Голдфинча пандемия сабабли вақтинча тўхтатилган «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясининг «Тошкент-Рига-Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам рейсларини тезроқ қайта тиклаш муҳимлиги ҳақидаги фикрга қўшилди. Бу ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга, савдо ҳажмини оширишга ва туристик алмашинувларни фаоллаштиришга ёрдам беради.

Латвия томони Ўзбекистоннинг “GSP+” тизими бенефициар давлат мақомини олиш ва Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни  имзолашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Тадбирда Латвия Бош вазирининг маслаҳатчиси билан мунтазам амалий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро фикр алмашиш, Ўзбекистон-Латвия ҳамкорлиги кун тартибига оид тегишли маълумотлар билан алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон иқтисодиёт ва туризм соҳасида...

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К.Шарипов бошчилигидаги мамлакатимиз делега...

Малайзиялик сайёҳлар Умра зиёратини Сама...

“Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси” мавзусида видеоконферен...

Ўзбекистонда ноябрь ойи «Кексалар учун ...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватл...

Сўнгги янгиликлар