27/Март/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ҚОҲИРА, 27 март. /«Дунё» АА/. Мисрда инглиз тилида чоп этиладиган етакчи нашрлардан бир - «Сада ал-Балад» газетасининг веб- сайтида «Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган конференциясида иштирок этмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрда халқаро ҳамжамият 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида дунёни бирлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилгани маълум қилинган. «Унда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти, бу борадаги глобал ташаббуслар БМТга аъзо барча мамлакатлар, ихтисослашган идоралар томонидан нуфузли спикерлар иштирокида кўриб чиқилмоқда», дейилади мақолада.
Материалда қайд этилишича, халқаро ҳамжамият 45 йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба бундай конференцияда жам бўлди. Чунки масала ниҳоятда долзарб: 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 5 миллиард кишиси сув танқислигидан азият чекиши мумкин. «Ўзбекистоннинг ҳам бу борада айтар сўзи ва таклифлари, салмоқли тажрибаси бор,- дея қайд этади Миср ОАВ. - Чунки катталиги бўйича ўз вақтида дунёда 4-ўринда бўлган Орол денгизи Ўзбекистонда жойлашган ва унинг бугунги тақдири фақат ушбу давлатга эмас, балки бутун халқаро ҳамжамиятга дахлдор масала».
Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар гал БМТнинг олий даражадаги йиғилишларида иштирок этар экан, айнан шу муаммони кўтаради ва бу йўналишда муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
Маълум қилинишича, анжуманда ташкилотга аъзо 198 давлат орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этган.
«23 март куни конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатнинг етакчилиги хусусида сўз юритди», - деб ёзади «Сада ал-Балад».