24/Апрель/2022 Тадбирлар
ТОШКЕНТ, 24 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бугун кейинги ҳафтада мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестициявий ҳаётида рўй берадиган энг муҳим воқеа – “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ҳақида сўзлаб беради, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
«Бундан ташқари, мулоқотнинг замонавий форматларига мувофиқ, халқаро кўргазма очилиши арафасида Интернет журналистлари ва блогерлар билан суҳбатни улар ҳудудида, яъни ижтимоий тармоқларда ўтказишга қарор қилинди!”, – дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) Телеграм-каналида шу муносабат билан тарқатилган хабарда.
Бугун соат 15:00 да ИТСВнинг Youtubeдаги саҳифасида жонли эфир бошланади. Иштирокчилар ўз саволларини изоҳларда ёзиши мумкин. Шунингдек, эфир вазирликнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаларида ҳам тўғридан-тўғри узатиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, 25-27 апрель кунлари бўлиб ўтадиган кўргазма ва ишбилармонлик дастурида Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Венгрия, Франция, Тожикистон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистондан юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари ва бизнес делегациялари иштирок этади.
2021 йил 5-7 апрель кунлари ташкил этилган “Иннопром. Ўзбекистонда йирик саноат ҳафталиги” биринчи халқаро кўргазмасида Марказий Осиёнинг барча давлатларидан 10 мингдан ортиқ вакил қатнашган эди. Кўргазма доирасида Россия сармояси иштирокидаги 2,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 33 та лойиҳани амалга оширишни бошлаш бўйича келишувларга эришилган.