29/Январь/2023 Ҳамкорлик
ЕКАТЕРИНБУРГ, 29 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхона ходимлари Челябинск вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Челябинск вилояти губернатори ўринбосари Иван Куцевляк билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди. Мазкур вилоят Россия ҳудудлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг иккинчи чорагида Челябинск шаҳрида «Made in Uzbekistan» маҳсулотлар кўргазмасини ўтказиш таклифи билдирилди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши вақтида Урал минтақаси, шу жумладан, Челябинск вилоятидаги саноат корхоналарига сафарбар қилинган минглаб ўзбекистонликлар хотирасига атаб Челябинск шаҳрида ёдгорлик ўрнатиш масаласи хусусида фикр алмашилди. Вилоят вакиллари ушбу таклифларга ижобий муносабат билдирди.
Ўз навбатида, Иван Куцевляк мамлакатимиз ҳудудлари ва Челябинск вилояти ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича катта салоҳият борлигини қайд этди.
«Бизда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилояти ҳокимликлари билан савдо-иқтисодий, илмий-техник ва ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатнинг яқин муддатда имзоланиши ўзаро муносабатларда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Шунингдек, Челябинск вилоятида Ўзбекистоннинг фахрий консулхонасини очиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари билан тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш сингари масалаларни кўриб чиқиш зарур», деди Иван Куцевляк.
Сафар давомида ОТВ телеканали вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилиб, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий-маънавий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган махсус репортажлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.