Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


09/Июль/2021   Маданият

Ўзбек ва тожик киноижодкорлари Навоий ва Жомий ҳақида фильм суратга олади


ТОШКЕНТ,  9 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон кинематография агентлигида Ўзбекистон ва Тожикистон киноижодкорлари ҳамкорлигида янги кинолойиҳалар яратиш бўйича онлайн-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири агентлик маълумотига таянган ҳолда.

Уларнинг яратилишида ҳар икки давлатнинг таниқли кино арбоблари, олим ва ёзувчилари иштирок этади.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, «Тожикфильм» давлат муассасаси раҳбари Маҳмасаид Шоҳиён ўзаро ҳамкорликда амалга оширилажак лойиҳаларнинг аҳамияти ҳамда келгусидаги режалар хусусидаги фикрларини ўртоқлашди.

Таъкидланганидек, 10-12 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида барча соҳалар қатори маданий алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ташриф арафасида ўзбек киноусталари томонидан яратилган «Илҳақ» бадиий фильми, “Абдураҳмон Жомий”, “Ягона осмон остида”, “Халқ юраги” ҳужжатли фильмлари намойиш қилинди. Мазкур фильмлар тожик кино мухлислари томонидан илиқ кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф чоғида Тожикистонда ўтказилган Ўзбек киноси кунлари муваффақиятли ўтганини қайд этиб, буюк аждодларимиз – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақида ҳамкорликда бадиий фильмни яратиш вақти келганини таъкидлади. Бу таклиф Тожикистон раҳбари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Онлайн-анжуманда ҳам айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратилди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Бир қатор ҳужжатли фильмлар суратга олинган. Аммо шу пайтга қадар яратилган экран ва саҳна асарларида бу икки улуғ мутафаккир дўстлиги етарлича ёритилмаган.

Сўзга чиққанлар бу мавзуда яратиладиган бадиий фильмда тарихий, илмий ва адабий манбалардан мавзуга доир маълумотларни тўплаш ва саралаш, икки буюк мутафаккир муносабатлари тимсолида ўзбек ва тожик халқларини асрлар давомида бир-бирига чамбарчас боғлаб келган дўстлик ва қардошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Анжуманда ҳар икки мамлакатнинг олимлари ва ижодкорлари орасидан мавзуга доир адабиётлар, маълумотларни саралаш учун ижодий гуруҳни шакллантириш лозимлиги қайд этилди. Мазкур маълумотлар асосида ўзбек ва тожик киноижодкорлари томонидан сценарий яратилади, кейинги босқичда эса режиссёр ва актёрлар аниқланади. Бу борадаги ишларнинг боришини қатъий назорат қилиш мақсадида ҳар ҳафтада мунтазам равишда икки давлат киноарбоблари иштирокида онлайн-мулоқотлар ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, мулоқотда ўзбек ва тожик киноусталари ҳамкорлигида бошланган икки лойиҳа – “Нотаниш юлдуз” ҳамда “Тошлар ва сув” фильмларини суратга олиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид

Франция элчихонаси кўмагида «KinoDocOuzb...

Кеча Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси, «Ўз...

Ўзбекистон ёш мусиқачилари дунё саҳнала...

Жорий йил 28-31 май кунлари Беларусь Республикасининг Могилёв вилоятида “Золотая пчёлка” х...

“Илҳақ” фильми турли тилларга таржима қи...

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ezgu film” студияси томонидан суратга олинга...

Сўнгги янгиликлар