11/Май/2021 9 май - Хотира ва қадрлаш куни
БРЮССЕЛЬ, 11 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ушбу мамлакатда яшаётган ёши улуғ ватандошларимизни байрам билан табриклади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши арафасида туғилган ўзбек театр санъатининг таниқли намоёндаларидан бири Светлана Тагирова ва урушдан кейинги йилларда турли меҳнат биржаларида фаолият юритган Надежда Федорова бугунги кунда элчихона консуллик округида яшаётган ўзбекистонлик кекса фахрийлар сирасига киради.
Ўзбек диломатлари уларнинг хонадонида бўлиб, байрам билан табриклади. Фахрийлар билан самимий суҳбат қурилди. Улар Иккинчи жаҳон уруши йилларидан сўнг кечган ҳаёти ва меҳнат фаолияти хотираларини ўртоқлашди. Бугунги ёш авлоднинг бахту истиқболи ва тинч-хотиржамлиги барча учун бебаҳо бойлик эканини таъкидлади.
Учрашувда, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, уларнинг замирида кекса авлодга яратилган имтиёзлар, ижтимоий хизматлар ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар ҳам берилди.
Суҳбат якунида фахрийларга элчихонанинг эсдалик совғалари топширилди.