28/Май/2022 Долзарб
БОКУ, 28 май. /«Дунё» АА/. «Жанубий Кавказ» сиёсатшунослар клуби раҳбари Илгар Велизаде (Озарбайжон) Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлисидаги маърузасида илгари сурилган ташаббусларни шарҳлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўлини изчил амалга ошириб, мазкур жараёнда мавжуд геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликларни қатъий эътиборга олмоқда. Буни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши (ЕОИК) саммитидаги нутқи яна бир бор тасдлиқлади.
Ўзбекистон раҳбари миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ва қўшни давлатлар манфаатларига ҳурмат билдирган ҳолда, бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда минтақавий алоқаларнинг барқарорлигини оширишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Тошкентнинг Ўзбекистонни барча қўшнилари билан боғлайдиган, уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган самарали ва барқарор транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътиборга лойиқ, деб ҳисоблайман.
Инновацион салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ва ЕОИК мамлакатлари тадбиркорларининг, биринчи навбатда, юқори технологиялар соҳасидаги саноат кооперациясининг янги шаклларини ривожлантириш ҳақидаги таклифлар ҳам юксак эътиборга лойиқ.