25/Май/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
БОКУ, 25 май. /«Дунё» АА /. Озарбайжоннинг «Eurasia Diary» халқаро ахборот-таҳлил порталида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали»га бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда ушбу халқаро тадбирни ўтказишдан асосий мақсад серқирра ўзбек миллий ҳунармандчилик мактаби имкониятларини кенг намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик ришталари ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлгани қайд этилган. «Фестивалда дунёниниг 58 мамлакатидан ҳаммаси бўлиб 200 нафар иштирокчи, 9 нафар фахрий меҳмон ва 4 нафар олий мартабали хорижий давлат арбоби иштирок эти», деб ёзади манба.
Мақолада ушбу фестивал доирасида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатининг ривожланиш истиқболлари» мавзусига бағишланган илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтгани, анжуманда 22 давлатдан 33 нафар хорижлик ва 20 нафар ўзбек олимлари қатнашгани ҳам қаламга олинган.
Шунингдек, «Eurasia Diary» портали Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши кўҳна Бухоро шаҳрига «Жаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақомини бергани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.