11/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ОСТОНА, 11 март. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг «Kazinform» давлат ахборот агентлиги "Ўзбекистоннинг янги Конституциявий қонуни бўйича референдум 30 апрелга белгиланди" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун 30 апрель куни референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилгани қаламга олинган.
Мақолада маълум қилинганидек, Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг 137 депутатдан 134 нафари 30 апрель куни "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида" ги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун овоз берган. Ушбу қарор Сенатга тасдиқлаш учун юборилади, у ҳужжатни 14 март куни кўриб чиқади. Агар парламентнинг юқори палатаси ҳужжатни маъқулласа, у уч кун ичида матбуотда эълон қилинади.
«Қарор лойиҳаси бир кун аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган эди, деб ёзади «Kazinform». Мажлис давомида депутатлар Ўзбекистон Конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилишини ёқлашди».
Агентлик 2022 йил май ойида Ўзбекистоннинг етакчи сиёсий партиялари парламентнинг қўшма мажлисида мамлакат Конституциясини такомиллаштириш жараёнини бошлашга келишиб олишганини ҳам маълум қилган.