Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

28/Май/2023   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Окинава префектурасида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

ТОКИО, 28 май. /«Дунё» АА/. 22-23 май кунлари Ўзбекистон элчихонаси делегациясининг Окинава префектураси Наха шаҳрига ишчи ташрифи давомида Окинава префектураси губернатори Дэнни Тамаки, Наха шаҳри мэри Сатору Чинен, Окинава Савдо-саноат палатаси раиси Дэничиро Ишимине, Окинава префектура ассамблеяси депутати Кеничиро Тамаки, Окинава корпоратив бошқарувчилар ассоциацияси вице-президенти Масару Уэма, Япония туризм қўмитасининг Окинава департаменти директори Акихико Хоши ҳамда бир қанча компаниялар раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Окинава префектураси губернатори Дэнни Тамаки билан учрашув давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, давлат хизматини ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ошириш бўйича амалга ошилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди.

Шу билан биргаликда, жорий йил апрель ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига оид референдумнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.

Губернатор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан минтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузини ошириш бўйича олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни юқори баҳолади.

Шунингдек, япон томонининг ҳудудлар ўртасида ахборот технологиялари, хизмат кўрсатиш, таълим, меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадбирлар ташкил қилишга тайёрлиги маълум қилинди.

Жумладан, Дэнни Тамаки томонидан Окинава префектурасининг экотуризм соҳасидаги етук тажрибасидан келиб чиққан ҳолда гўзал табиатли Тошкент вилояти билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласини катта қизиқиш билдирилди.

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Окинава префектураси губернатори бошчилигида делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Наха шаҳри мэри Сатору Чинен учрашув давомида “Ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган мамлакатимизнинг бой маданияти, тарихи ва меъморий обидаларига япон томонининг бўлган қизиқиши юқори эканлигини аълоҳида таъкидлаб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти жуда юқори эканлигини билдирди.

Мэр томонидан Наха шаҳрининг Тошкент вилояти ҳудудлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишга тайёрлиги маълум қилинди.

Окинава Савдо-саноат палатаси раиси Дэничиро Ишимине ҳамда Окинава корпоратив бошқарувчилар ассоциацияси вице-президенти Масару Уэма билан учрашув давомида япон томони Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Учрашув якунлари бўйича Окинава компанияларининг Ўзбекистонга танишув ташрифини амалга ошириш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки давлат ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форумлар, конференциялар ташкил қилиш, Японияда мамлакатимизнинг экспортбоп маҳаллий маҳсулотлари кўргазмасини ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Япония туризм қўмитасининг Окинава департаменти директори Акихико Хоши билан ўтказилган музокараларда япон томони “Ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган, ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари жаҳон туризм масканлари орасида ўз ўрнига эгалигини маълум қилиб, сўнгги йилларда япон сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган жадал ислоҳотларни ҳамда эришилган ютуқларни юқори баҳолаб, ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Шу қаторда, А.Хоши жорий йилнинг 14 апрелдан “Uzbekistan Airways” АЖнинг “Токио-Тошкент” йўналишидаги тўғридан-тўғри авиақатнов тикланиши муносабати билан Япониядан республикага сайёҳлар оқимини ошишига умид қилишини маълум қилди.

Учрашув давомида ҳамкорликда Окинавада префектурасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар ташкил қилиш ҳамда ж.й. октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ташкил қилинадиган Жаҳон туризм ташкилотининг йиллик Саммитига ушбу ҳудуд томонидан вакиллар иштирок этиш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ташриф давомида ахборот технологиялари, таълим, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш, меҳнат миграцияси соҳаларида фаолият олиб борадиган “Setten Lab”, “Col Legno Co., Ltd.”, “Human Support” ва бошқа бир нечта етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, бизнес учун эркин шароит яратиш, экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Окинава бизнес-доиралари вакиллари томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонга яратилган қулай инвестициявий муҳит сабабли япон томонининг мамлакатимизга инвестиция киритиш бўйича ишончи тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, 2023 йил ноябрь ойида Фарғона шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Ўзбекистон-Япония бизнес-форумида Окинава префектураси ишбилармон доиралар вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид

Германиянинг Мёнхвайлер шаҳрида “Ўзбек о...

Германиянинг Мёнхвайлер шаҳрида (Баден-Вюртемберг федерал ери) анъанавий “Ўзбек ошхонаси ...

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни са...

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири Мурод Қурбонов бошчилигидаги делегация амалий сафа...

Ўзбекистон ҳукумати ва Глобал яшил ўсиш ...

Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси вакиллари Ўзбекистон ҳукумати ва Глобал яшил...

Сўнгги янгиликлар