Uz / Ўз Ru En

Toshkent

02/Апрель/2021   Медиа

Мусиқа Ўзбекистонга чорламоқда


ЛОНДОН, 2 апрель. /«Дунё» АА/. Британиянинг етакчи «The Guardian» нашри веб-саҳифасида таниқли ёзувчи, ошпазлик санъати ва саёҳатларга бағишланган қатор китоблар муаллифи Кэролайн Эденнинг мақоласи чоп этилди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, материал «Менинг саёҳатларим оҳанглари» (The soundtrack of my travels) рукни остида эълон қилинган. Ушбу мавзудаги материалларда таниқли жамоат арбоблари, журналистлар, ёзувчилар, шоирлар ва мусиқачилар хорижга саёҳатларнинг унутилмас дамлари билан боғлиқ қўшиқлар ҳақида сўзлаб беради.

«Саёҳатларим ҳақидаги хотираларни уйғотадиган қўшиқлар: Кэролайн Эденнинг мусиқалар рўйхати» сарлавҳали мақолада муаллиф, жумладан, таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархоннинг «Йўл бўлсин» композициясини ёдга олади.

Кэролайн Эден Севара Назархон ижросидаги ушбу композициядан олган эстетик завқини ҳайрат билан тасвирлайди. Унинг сўзларига кўра, замонавий услубда ижро этилган ушбу қўшиқ соз, уд, дутор ва бошқа мафтункор торли миллий чолғу асбоблари оҳанглари билан бойитилган. «У кишини ўйга тортади, эҳтиросни жунбушга келтиради, ўзига боғлаб қўяди... ва ҳатто жуда ғайритабиий ҳамдир», дея таъкидлайди британиялик ёзувчи.

Мақола муаллифи «Йўл бўлсин» қўшиғини тинглар экан, уни яратишга Буюк ипак йўлидаги саёҳатчилар илҳом манбаси бўлганини тахмин қилади, ўзини Севара Назархоннинг майин, сеҳрли ва бир вақтнинг ўзида кучли овозини биринчи марта эшитган қадимий Самарқанд кўчаларида сайр қилаётгандек ҳис қилиши ҳақида фикр юритади.

Материалда, шунингдек, боғлари, санъаткорлари ва ҳунармандлари билан донг яратган Фарғона водийсидан бўлган Севара Назархон бугун ўзбек эстрадаси юлдузи экани қайд этилган. Ўзбек хонандаси дунёнинг кўплаб минтақалари, шу жумладан, Буюк Британияда концерт дастурлари намойиш қилиб, катта муваффақиятга эришгани таъкидланган.

Кэролайн Эден «Қизил қумлар: репортажлар ва таомномалар.  Бутун Марказий Осиё бўйлаб – чекка ҳудудлардан марказгача» (Red Sands: Reportage and Recipes. Through Central Asia from Hinterland to Heartland) китоби муаллифи.

Мавзуга оид

Бухорода ўтказиладиган халқаро анжуман М...

Мисрнинг «Сада эл Балад» ва «Ал-Хабар ал-Йаум» нашрларида 23-24 июнь кунлари Бухорода ўтк...

Новосибирск телеканалида Ўзбекистоннинг ...

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан ушбу шаҳарнинг “СТС ...

Ўзбекистон – Ҳиндистон саммити якунлари ...

Мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеа ва ўзгаришлар Хитойнинг ймпмк оммавий ахбор...

Сўнгги янгиликлар