29/Июнь/2022 Долзарб
ҚОҲИРА, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси маълумотига кўра, жорий йил 28 июнь куни ватандошларимиз элчихонага мурожаат қилиб, Ямандан қайтаётган ўзбекистонликлар маҳаллий аэропортда мушкул вазиятга тушиб қолгани ҳақида хабар берган.
Маълум қилинишича, Ямандан қайтаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик шифокорлар Мисрга кириш визасига эга бўлмай туриб, Қоҳира, сўнгра Шарм аш-Шайх орқали Тошкентга боришни режалаштирган эди.
Лекин Миср чегара хизмати вакиллари ҳақли равишда визага эга бўлмаган шахсларни мамлакат ички рейсларига транзит орқали (аэропортдан шаҳарга чиқиб, ички парвозлар терминалига) ўтишга рухсат бермаган ва ортга, яъни Сано шаҳрига депорт қилиш чораларини кўра бошлаган.
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиши мақсадида, элчихона ходимлари Қоҳира халқаро аэропортига дарҳол етиб бориб, узоқ давом этган мақсадли музокаралар натижасида ватандошларимизга истисно тариқасида қисқа муддатли виза олишга эришилди.
Мазкур юртдошларимиз Ўзбекистон раҳбариятининг чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир топшириқлари амалда бажарилаётганидан мамнун бўлиб, чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Шу ўринда, элчихона чет элда бўлиб турган юртдошларимизни хорижий мамлакат ўрнатган ички тартиб-қоидаларини ҳурмат қилишга чақиради ва Ўзбекистон фуқаролари учун Миср ҳудудига кириш тегишли виза асосида амалга оширилишини эслатиб ўтади.