Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


27/Июль/2021   Долзарб

Миср элчиси: Ўзбекистон ва Мисрнинг маданияти, анъаналари ва қадриятлари ўртасида муштарак жиҳатлар жуда кўп


ТОШКЕНТ, 26 июль. /«Дунё» АА/. Кейинги вақтларда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқмоқда. Дарҳақиқат, Миср дунёда ўз мавқеига эга, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестиция салоҳияти ва илғор технология ишланмаларига эга давлатларидан бири ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида Африка қитъасининг бу илғор мамлакати билан ўзаро ҳамкорлик қирралари тобора кенгайиб, ўзининг юқори натижаларини бермоқда.

«Дунё» АА мухбири Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳмий билан мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий,  таълим, сайёҳлик  ва савдо - иқтисодий алоқаларнинг  бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида суҳбатлашди.

– Авваламбор, ассалому алайкум. Сизни Миср уйида хуш кўрдик. Мен Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганимдан жуда мамнунман, - деди дипломат. - Ўзбекистон тасаввуримдагидан ҳам гўзал ва бетакрор мамлакат эканига гувоҳ бўлдим. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатингиз бутун жаҳон эътироф этган даражада бой маданий-маърифий меросга, асори атиқаларга, кўҳна ва гўзал шаҳарларга  эга экан. Бежизга бу юртни Марказий  Осиёнинг гавҳари, деб аташмайди. Айниқса, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, кўзлари чақнаб турган ёшларининг билимга, илм олишга чанқоқлиги, энг муҳими, санъатни, ижодни севиши жуда катта таҳсинга лойиқдир. Тошкент нафақат гўзал пойтахт, балки озода ва кўркам шаҳар экан. Ҳар тонг чоғи уйғонганимда бу бетакрор шаҳар гўзаллигидан ўзим учун янги-янги қирраларни кашф этаман. Менга юртингиз жуда ҳам ёқиб қолди. Халқингизнинг оқкўнгил ва самимийлиги учун ўзимни худди Ватанимда юргандек ҳис қиламан.

 Ўзбекистон ва Миср бир-бирига ўхшаш, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қиладиган давлатлар ҳисобланади. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратади. Мамлакатимизда ҳар йили ёшлар учун йирик форумлар ўтказилади. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ёшларга мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берувчи, катта салоҳиятга эга ҳал қилувчи куч сифатида қарашига амин бўлдим.

Умуман олганда, ёшларнинг таълим-тарбияси бу ўта муҳим жараён. Хоҳ Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ Мисрда бўлсин йигит-қизларнинг  таълим олиши муҳим нуқта саналади. Таълим йўналиши Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик ривожида салмоқли ўринга эга. Айни пайтда ҳар икки мамлакатнинг олий ўқув юртлари ўртасида тузилган таълим шартномаларини  қайта кўриб чиқиш арафасидамиз. Шунингдек, яқинда Миср Олий таълим вазирлиги томонидан ўзбек ёшларининг Мисрда таълим олиши учун янги грантлар, истиқболли лойиҳалар тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Айнан шу масалада Мисрда истиқболли ташаббус илгари сурилди. Ўтган йилдан бошлаб «Мисрда таълим ол», деб номланган грант танлови эълон қилинди. Унинг мақсади Мисрдаги олий ўқув юртларида таълим олишни ҳоҳловчи хорижий мамлакатлар ёшларини ўқишга жалб этишдан иборат. Ушбу ташаббуснинг махсус иловаси бор, уни телефон орқали юклаб олиш мумкин.  

Мисрда ҳукуматга қарашли 27 та университет, 4 та миллий ва хорижий олий таълим муассасалари мавжуд. Ҳозирги пайтда биз дунёнинг энг нуфузли университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларнинг Мисрдаги филиалларини очишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу энди ёшлар ўзлари ҳоҳлаган йўналишлар бўйича замонавий таълим олиш имконига эга бўладилар, даган гап. Мисрда таълим олишнинг шартлари оддий: ёшлар интернет орқали университет ҳақида маълумотга эга бўлиши, кейин танлаган йўналиши бўйича махсус ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Бу платформа 18 ёшдан бошлаб амалга оширилади. Яъни Ўзбекистондагидек 11 йиллик мажбурий таълимни тамомлаган ёшлар ушбу грантларда қатнашади. Энг муҳими, Мисрда ўқиш анча арзон. Миср олий таълим муассасаларига ўқишга кирган хорижлик талабаларга авиачипта пуллари тўлаб берилади. Мисрнинг диққатга сазовор жойлари, музейларга саёҳатлар уюштириш ҳам бепул ташкил этилади. Визани эса Мисрнинг Тошкентдаги элчихонаси орқали расмийлаштириш имконияти бор. Охирги пайтларда талабалар учун виза олиш тартиб-қоидалари анча енгиллаштирилди. Уларга тақдим этиладиган виза ўқиш муддатидан келиб чиқиб белгиланади.

 Биз Мисрдаги «Ал-Азҳар ал-шариф» университетини ислом минораси деб атаймиз. Чунки у Яқин Шарқдаги энг қадимий олий билим юртидир. Сизга бир сирни очмоқчиман: Тошкентга келишимдан олдин ушбу университетнинг катта имомларидан бири менга Ўзбекистон ва Миср давлатларининг олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришни тавсия қилди. Чунки, ўзбек диёридан етишиб чиққан олиму уламолар ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Мен ўзбек ёшларининг «Ал-Азҳар» университетида таълим олишга бўлган қизиқишини эшитиб жуда хурсанд бўлдим.  «Ал-Азҳар» университетида таълим олиш учун ёшлар мажбурий ўрта таълимни якунлаши шарт. Шунингдек, ўзбек талабалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда ўқишга қабул қилинади. Ушбу университетда ўқиш учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси керак, албатта.

Яна бир гап: мен ўзбек ёшларининг араб тилини ўрганишга бўлган иштиёқини қадрлайман ва ҳурмат қиламан. Биз, айнан, араб тилини ўзбек ёшларига пухта ўргатиш учун 3 та катта лойиҳани ишга тушираяпмиз. Биринчиси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида араб тилини ўргатиш бўйича махсус курс очиш. Унга 3 нафар мисрлик мутахассис жалб этилади. Ушбу кутубхонага араб тилидаги кўплаб китобларни етказиб бериш ҳам режамизда бор. Иккинчи лойиҳа мисрлик ўқитувчиларни Ўзбекистонда араб тилидан сабоқ бериш учун жалб этишдан иборат. Учинчи лойиҳамиз эса Ўзбекистон ва Миср олий ўқув юртлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик истиқболларини ривожлантиришга қаратилган.  

 Бу борада биз Тошкент Давлат шарқшунослик университети билан яқин алоқаларни ўрнатганмиз. Мазкур университетни Марказий  Осиёдаги энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири, деб биламиз. Университетда ўтказилган «Миср ойлиги»нинг якуний тадбирига мени ҳам таклиф этишди. Университет жамоасининг ҳурмати ва алоҳида эътибори мени ҳайрон қолдирди. Ушбу тадбирда Шарқшунослик университети ва Миср олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар, ташаббуслар, лойиҳалар илгари сурилди. Уларни амалга оширишга барча имкониятларимизни сафар этишимизни яна бир бор таъкидлашни истар эдим. 

Мен иқтисодиёт ва сиёсат йўналишида таҳсил олганман. Дипломатия соҳасида 26 йилдан бери фаолият юритиб келаман.   Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, биз ўқиган даврдаги таълим билан ҳозирги интеграциянинг ўртасида катта фарқ борлигини айтмоқчиман. Ҳозирги кунда ёшларнинг таълим олиши учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ёшлар хоҳ Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ Мисрда бўлсин инновация ва замонавий йўналишларда билим олиш, етук мутахассис бўлиш имкониятларига эга. Бу чиндан ҳам ҳавас қилса арзигулик шароитдир. Айниқса, яқинда Тошкентда «Янги Ўзбекистон» университетининг очилганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Мен барча ёшларга муваффақият тилайман.

 Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга тарихий расмий ташрифини амалга оширди. Айнан ўша олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустамкамлашга асос бўлди. Шунингдек, икки давлатнинг иқтисодий, сиёсий, сармоявий, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлиги ривожланишига янгича туртки берди.

Бир нарсага амин бўлдимки, Ўзбекистонга келганимдан сўнг ўтган 7 ой давомида Мисрдан мамлакатингизга авиақатновлар сони салмоқли даражада ошди. Бундай қатновлар нафақат пойтахт шаҳарлар, балки бошқа ҳудудлар ўртасида ҳам кўпайганига гувоҳ бўлаяпмиз. Назаримда бу ҳали ҳам етарли эмас. Алоқаларни янада кучайтириш учун авиақатновларни кўпайтиришимиз керак. Яқинда Мисрнинг фармацевтикага ихтисослашган «Соливар» компанияси Тошкентда иш бошлади. Бу эса ҳар икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Миср ва Ўзбекистон бой маданий меросга эга. Бу билан бизлар ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аслида Ўзбекистон ва Миср маданияти, анъаналари ва қадриятлари ўртасида муштарак жиҳатлар жуда кўп.

Тошкентга келишимдан олдин Миср маданият вазири билан учрашиб, бу ҳақда анча суҳбатлашдик. У менга Ўзбекистондек давлатда ишлаш бахтига мушарраф бўлганим катта омад эканини таъкидлади. Унинг гапида сираям муболаға йўқ. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни чуқурлаштиришга интилмоқдамиз. Келаси йили Миср - Ўзбекистон дипломатик алоқалари йўлга қўйилганлигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ушбу байрам муносабати билан қатор маданий тадбирлар уюштиришга келишиб олдик, бунга тайёргарлик ишларини аллақачон бошлаб юборганмиз.

Элчи сифатидаги менинг вазифам Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги манфаатлар учун хизмат қилишдан иборат. Бу йўлда барча билим ва салоҳиятимни сафарбар этишга тайёрман. Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбек халқини ўтган муборак Қурбон ҳайити ва яқинлашаётган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан табриклайман. 

Жобир Хўжақулов суҳбатлашди,

“Дунё” АА.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси вата...

Япония янги турдаги «COVID-19» коронавирус кенг тарқалаётган мамлакатлардан бири бўлиб қол...

Андижонда қўшимча 789 лойиҳа доирасида 4...

Андижон шаҳрида ўтаётган йиғилишда вилоятда янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринларини к...

Ўзбекистон делегациясининг Покистонга та...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги ҳукумат деле...

Сўнгги янгиликлар