Uz / Ўз Ru En

Toshkent

01/Январь/2021   Таҳлил

МДҲни ривожлантириш концепцияси: ҳамкорлик механизмларини қайта юклаш ва мослаштириш


Халқаро ва минтақавий миқёсда содир бўлаётган геосиёсий жараёнларда давлатлараро муносабатларнинг ривожи муҳим аҳамият касб этади. Зеро, глобал миқёсдаги хавфсизликка таҳдид солувчи муаммоларга қарши кураш ва мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда тараққиёт йўлини белгилашда ўзаро якдиллик ва бирдамлик алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада мулоқот майдони сифатида халқаро ташкилотлар ўзига хос ўрин эгаллайди. Бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳам халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ўзига хос салоҳиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олганига қарамай, 2020 йил давомида  ташкилот фаолияти ҳар қачонгидан салмоқли бўлди десак, хато бўлмайди. Зеро, ўтган вақт давомида давлатимиз раислигида  муҳим ташқи сиёсий фаолиятга доир 70 дан ортиқ ҳужжат қабул қилишга эришилди. Жаҳон ҳамжамиятини ларзага солган мавжуд мураккаб эпидемиологик шароитларда ҳам ташкилот фаолиятини мувофиқлаштириб, унинг ривожи учун муносиб ҳисса қўшган давлатимизнинг раислик фаолияти аъзо давлатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан мавжуд синовли кунларда асосий эътибор ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди, бу борада ижобий натижаларга эга бўлган бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. 2030 йилгача мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт стратегиясининг қабул қилингани юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

2020 йил ташкилот фаолиятида эришилган ютуқлар сирасига транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги ҳамкорлик стратегиялари кабиларнинг қабул қилинганлигини киритиш мумкин.

2020 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши  ташкилот фаолияти, хусусан  аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларда туб бурилиш ясади десак, хато бўлмайди. Зеро учрашувда ташкилот доирасидаги кўптомонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва устувор йўналишлари муҳокама этилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан инқирозли вазиятдан халос бўлишда Ўзбекистон янги, ностандарт ва ўзаро манфаатли ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр экани, шунингдек, ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига изчил ўтиш, шериклик механизмлари ва қабул қилинган ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ошириш тарафдори экани таъкидланди.

 Мазкур учрашувнинг ҳар қачонгидан салмоқли якун топгани, унда кўтарилган масалалар ва уларнинг томонлар манфаатларига тўла мос келгани билан белгиланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қатор муҳим масалаларнинг кўтарилгани юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Жумладан, бугунги кунда МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиёти, савдо ва кооперация алоқаларини жадал суръатларда қайта тиклаш масаласи устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.  Шунингдек, мавжуд синовли шароитларда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ўзаро товар айланмаси ўсиб бораётгани ва уларнинг айримлари  билан ўзаро товар айланмаси кўрсаткичи 20 фоиздан ошгани эътироф этилди.

Республикамиз эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида экани, шунга кўра, ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган божхона йўлакларини кенг жорий этган ҳолда, ягона электрон тижорат платформасини ишга тушириш ҳамда “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Ўзбекистон саноат кооперациясининг кенг қамровли дастурини ишлаб чиқиш ва бу борада агросаноат комплекси, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар яратиш зарурати юзага келаётгани билдирилди. Ушбу дастурнинг тақдимотини 2021 йилда Тошкентда бўлиб ўтадиган саноат кооперацияси форумида ўтказиш юзасидан таклиф ўртага ташланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишбилармонлик, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини тиклашга хизмат қилувчи транспорт соҳасидаги муҳим вазифалар, хусусан, транспорт коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, техник регламентлар ва стандартларни мувофиқлаштириш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, ўзаро имтиёзлар бериш ва барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда қисқа фурсат ичида авиақатновларни қайта тиклашга доир долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Меҳнат муҳожирларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласининг долзарблиги нуқтаи назаридан, уларнинг ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш зарурати юзага келгани, шу муносабат билан, давлат, ишбилармонлик доиралари  ва ишчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда ушбу соҳада ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Жаҳонда юзага келган мавжуд эпидемиологик вазиятларни кузатиш ва уларга таъсир кўрсатишнинг самарали тизими яратиш нуқтаи назаридан, МДҲ доирасида тегишли келишувни тайёрлаш юзасидан таклиф илгари сурилди. 

Тадбир давомида хавфсизликка таҳдид солувчи омиллар хусусида фикр юритилиб, бу борада Марказий Осиё минтақавий хавфсизлиги ва барқарорлигининг муҳим омили бўлган Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш зарурати хусусида фикр юритилди. 

МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг муҳим натижаси Ҳамдўстликни ривожлантириш концепциясининг янгилангани  ва уни амалга ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар режаси тасдиқлангани билан боғлиқ бўлди.

МДҲни янада ривожлантириш бўйича амалдаги концепцияни қайта кўриб чиқиш, уни замон талабларига мослаштириш бўйича таклифлар 2017 йил МДҲнинг Сочидаги саммитида илгари сурилган эди. МДҲни ривожлантириш концепцияси стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у ташкилотни замонавий шароитларга мослаштириш, унинг фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

Мазкур ҳужжатга кўра, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шунингдек, иқтисодий соҳа билан бир қаторда, гуманитар  соҳадаги ҳамкорлик, хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва янги таҳдидларга қарши кураш кабилар ҳам МДҲ фаолиятининг устувор йўналишлари қилиб белгиланган.  Юқоридаги масалалардан ташқари,  концепцияда давлатлараро сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, мувофиқлаштирилган миграцион сиёсатни ишлаб чиқиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, МДҲни ривожлантириш концепцияси давлат раҳбаримиз томонидан учрашув чоғида белгиланган устувор вазифалар, илгари сурилган таклиф ва тавсияларнинг ижросини таъминлаш ҳамда ташкилот фаолиятида туб бурилиш ясаш ва уни илғор бирлашмалар қаторидан жой эгаллашида ҳал қилувчи асос вазифасини ўташи мумкинлиги юзасидан фикр юритиш ўринли. Бу эса, ўз навбатида, Ҳамдўстликка аъзо давлатларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда изчил ривожланишни таъминлаш, мураккаб эпидемиологик вазиятнинг оқибатларини бартараф этиш, ўзаро ишончли ва манфаатли  ҳамкорликни мустаҳкамлашда  ижобий натижа беришига ишончимиз комил.

Дурдона Мадаминова,

Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра мудири.

Мавзуга оид

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари...

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатим...

Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат: тизимли “қ...

оронавирус пандемияси глобал даражада жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиётига катта ...

Ўзбекистон ҳукуматининг экспортёрларни қ...

Жумладан, машҳур инглиз тилида нашр этиладиган "Исломобод Пост" газетасида Ўзбекистонда эк...

Сўнгги янгиликлар