24/Ноябрь/2022 Ҳамкорлик
ДЕҲЛИ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 16-23 ноябрь кунлари Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ташаббускорлигида 20 нафардан иборат мамлакатимиз ёшлари вакиллари Ҳиндистонда бўлишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сафар давомида мамлакатимиз ёшлари делегацияси Ҳиндистоннинг Деҳли, Мумбай, Агра шаҳарларида бўлиб, у ердаги маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, кино саноати, ишлаб чиқариш корхоналари, сайёҳлик мажмуалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Қарийб бир ҳафта давомида бўлиб ўтган учрашув ва тадбирлар давомида Ҳиндистон маданияти ва унинг замонавий ривожланишини яқиндан ўрганиш билан бирга юртимиз ёшлари ҳиндистонлик тенгдошлари ва расмийлар учун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, хусусан, ёшлар сиёсати, маданияти ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказишди.
Сафар якунида ўзбекистонлик ёшлар вакиллари мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасида дипломатия ваколатхонаси раҳбари Дилшод Ахатов билан учрашишди.
Мулоқот давомида ёшларга Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг тарихи ва замонавий тараққиёти, алоқаларнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшлар етакчилари мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг 27 январь куни видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” давлат раҳбарлари биринчи саммитида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида 16-23 ноябрь кунлари Марказий Осиё мамлакатларидан 100 нафар ёшлар етакчиларининг Ҳиндистонга сафари ташкил этилди.