18/Ноябрь/2022 Саналар
КУАЛА-ЛУМПУР, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Малайзиянинг Осиё-Тинч океани технология ва инновация университети талабаси Савлатжон Меликов ўз табрикларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Мен Малайзияда истиқомат қилаётганимга уч йил бўлди. Ватандан олисдалигим сабабли Ўзбекистон миллий байроғини кўрганимда менда фахр ва соғинч туйғулари жўш уради.
Давлатимиз байроғи юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини ўзида мужассам этган. Бундан ташқари, мамлакатимиз элчихоналарида ва халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳилпираб турган давлатимизнинг ушбу рамзи бутун дунёдаги ўзбекистонликларга республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда тараққиёт суръатларини эслатиб туради.
Фурсатдан фойланиб, барча ватандошларимизни 18 ноябрь - Давлат байроғи қабул қилинган кун билан табриклайман.