Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

14/Февраль/2020   Тошкент халқаро инвестиция форуми

Малайзияда Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишлаб брифинг ўтказилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Малайзия пойтахтида I Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Малайзия Эксимбанки, Ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси ва Малайзия-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Тошкент халқаро инвестиция форуми мақсад ва вазифалари, мамлакатимиз иқтисодий имкониятлари, истиқболли лойиҳалар ҳамда янги бозорларга чиқиш учун шерикларни жалб қилишдаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Малайзиянинг Эксимбанки директори Назри Aбдул Раҳим қўшма сармоявий ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирди.

Кичик ва хусусий секторни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу борадаги масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкентда ўтадиган форумда иштирок этиш истагини билдирди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг табиий ресурсларга бойлиги, солиқ ва божхона имтиёзлари Малайзия ишлаб чиқарувчиларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Анжуманда «MATRADE» бошқарувчиси Рослайли Осман ҳам сўзга чиқди ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини юқори баҳолади.

Тадбир доирасида «Дунё» АА мухбири иштирокчиларнинг Ўзбекистон – Малайзия ҳамкорлиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Файсал Мустафо, Малайзия Эксимбанки раиси:

– Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, сармоявий ва савдо соҳаларини ривожлантиришга қаратилган туб ўзгаришларни диққат билан кузатмоқдамиз. Ушбу кенг кўламли ва аҳамиятли ислоҳотлар хорижий шериклар, шу жумладан, Малайзия ишбилармон доиралари учун мамлакатингиз эшикларини янада кенгроқ очиш имконини беради. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш мақсадида Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш ниятидамиз.

Малайзия Эксимбанки Ўзбекистонда инвестиция ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун кредит линияларини жалб қилишдан манфаатдор.

Раж Дураираж, Малайзия-Ўзбекистон савдо палатаси бош котиби:

– Кенг кўламли ислоҳотлар самараси – Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини оширмоқда. Хусусан, Малайзия томони мамлакат иқтисодиётига катта миқдордаги сармоя киритишга интилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатларимиз Савдо-саноат палаталари «Midlands Aviation Asia Pacific Sdn. Bhd.» компанияси билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида учувчилар тайёрлаш марказини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга юкларни ташишни таъминлайдиган логистика марказини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳалари устида иш олиб бормоқда.

Ишончим комилки, Тошкент халқаро инвестиция форуми Малайзия ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришлари учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид

Янги Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятла...

Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири “Beijing Review” саҳифаларида жорий йи...

БАА ОАВ мамлакат энергетика ва инфратузи...

БААнинг «WАМ» ахборот агентлиги «Ўзбекистон Президенти Суҳайл ал-Мазруийни «Дўстлик» орде...

Тошкент халқаро инвестиция форумининг б...

Бугун пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади...

Сўнгги янгиликлар