26/Октабрь/2021 Мустақилликка 30 йил
КУАЛА-ЛУМПУР, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Малайзияда яшовчи ватандошимиз, Путра университети профессори (Universiti Путра Malaysia) Ғафуржон Ибрагимовга «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда дипломатик миссия ходимлари, Малайзия академик ҳамжамияти вакиллари ва юртдошларимиз иштирок этди. Улар мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларнинг амалдаги натижалари билан танишди.
Ғафуржон Ибрагимов Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика институти, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида меҳнат қилган. 2006 йилдан бери Малайзиянинг Путра университетининг математика кафедраси доценти лавозимида ишлаб келмоқда.
Ўзбек олими икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳисса қўшиб, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳасидаги илмий алоқаларни ривожлантиришда фаол иштирок этаётгани таъкидланди. Жумладан, унинг ёрдами билан Путра университети, Ўзбекистон Миллий университети Математика институти ва Абу Райҳон Беруний номидаги республика бизнес ва бошқарув олий мактаби ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ғафуржон Ибрагимов математика фанидан биринчилардан бўлиб ўзбек тилида видеодарсликлар ишлаб чиққан. Мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ва абитуриентларнинг билимини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу видеодарсликлар таълим жараёнида фойдаланиш учун Халқ таълими вазирлигига топширилди, шунингдек, бепул равишда умумий фойдаланиш учун интернет тармоғига жойлаштирилди.
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда таълим жараёнида онлайн шакл кенг қўллангани туфайли Ғафуржон Иброҳимов томонидан ишлаб чиқилган видеодарсликларга талаб кескин ошди. Ўзбекистон таълим жараёнида ушбу дарсликлардан самарали фойдаланилмоқда.
Ғофуржон Ибрагимов юксак мукофот учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда фаол иштирок этишини билдирди.