27/Май/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
РИГА, 27 май. /«Дунё» АА/. Латвиянинг “Freecity” (“Очиқ шаҳар”) ахборот порталида “Меҳнат муносабатларини ривожлантириш - Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс қурилишининг асосий пойдевори” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда ”Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари ва меҳнат бозорини ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар билан боғлиқ атрофлича маълумотлар қаламга олинган.
Мақолада қайд этилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан баҳоланишича, 2022 йилда дунёда ишсизлар сони 207 миллионга етади. Бу инқироздан олдинги 2019 йилдагига нисбатан 21миллионга кўп бўлиб, пандемиядан меҳнат бозорларига етказилган зарар қайтариб бўлмас тус олиши мумкин.
“Ана шундай масалаларни ҳал этиш, янги ёндошув ва имкониятларни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда. Сўнгги йиллар давомида икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ривожланишнинг мутлақо янги босқичига кўтарилди”, деб ёзади “Freecity”.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳамкорлари билан биргаликда халқаро стандартларни тадбиқ этиш устида иш олиб бораётгани, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мақбул меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш юзасидан диққатга сазовор чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этаётгани тўғрисидаги муҳим маълумотлар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.