Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

11/Май/2022   Тадбирлар

Корея Республикасининг янги президенти расман лавозимига киришди

СЕУЛ, 11 май. /«Дунё» АА/. Кеча Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси (парламенти) биноси олдидаги майдонда мамлакат янги президенти Юн Сок Ёлнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Маросимда 40 мингдан ортиқ киши, 300 нафарга яқин хорижий давлатлар вакиллари, шу жумладан, Корея Республикасидаги 143 дипломатик ваколатхонаси раҳбарлари иштирок этди.

Юқори мартабали меҳмонлар орасида Сингапур Президенти Ҳалима Якоб, Марказий Африка Республикаси Президенти Фостен-Арканж Тауадера, Хитой раиси ўринбосари Ван Цишань, Индонезиянинг собиқ президенти Мегавати Сукарнопутри, АҚШ вице-президентининг турмуш ўртоғи Дуглас Эмхофф ва меҳнат вазири Мартин Уолш, Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси,  Канада Сенати раиси Жорж Ж. Фьюри ҳамда Буюк Британия, Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Мўғулистон, Кения, Нигерия каби мамлакатларнинг вазирликлари ва ҳукумат ташкилотлари раҳбарлари даражасидаги бир қатор махсус вакиллари бор эди.

Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев раҳбарлик қилди. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Корея маданий марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак ушбу делегация таркибидан жой олди.

Тадбирда Корея Республикасининг собиқ президентлари Мун Чже Ин ва Пак Кин Хе, собиқ президент Ли Мён Бакнинг рафиқаси ҳам иштирок этди.

Инаугурация маросими "Яна Корея Республикаси!",  Фуқароларнинг янги мамлакати!" шиори остида ўтказилди.

Юн Сок-Ёль давлат раҳбари сифатида қасамёд қилди, сўнгра тантанали нутқ сўзлади.

Янги сайланган президент иннагурация маросимидаги ўз нутқида Корея жамияти олдида жиддий хавф-хатар ва таҳдидларга жавобан бирдамлашиш муаммолари турганлигини таъкидлади. У мазкур таҳдидлар орасида «интеллектуализацияга қаршилик»ни алоҳида қайд этди. Шунинг муносабати билан у мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун илм-фан, таълим ва инновацияларга таяниш лозимлигини таъкидлади.

Юн Сок-Ёль барча жамиятлар олдида турган муаммолар миллатлардан баландроқ турадиган моҳиятга эга бўлиб, тинчлик ва барқарор ривожланиш учун умуминсоний таҳдид ҳисобланишига эътибор қаратди. У ўз нутқида нафақат Корея фуқароларига, балки «бутун жаҳон фуқароларига» ҳам мурожаат қилди. Шу нуқтаи назардан, у умуминсоний қадриятларнинг, биринчи навбатда, «асло ўзгармас бўлган эркинлик қаерда бор экан, ўша жойда  мўл-кўллик ва иқтисодий ўсиш мавжуддир. Ўз навбатида, иқтисодий ўсиш эркинлик даражасини кенгайтиради», дея эркинлик ва инсон ҳуқуқлари каби умумбашарий қадриятларнинг табиати ҳақида сўзлади.

Жанубий Кореянинг янги раҳбари қуйидагиларни маълум қилди: «Бугунги кунда бутун дунё пандемия, таъминот занжири билан боғлиқ халқаро савдодаги қийинчиликлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва  энергетика инқирози, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларини рад этиш каби глобал муаммоларга дуч келмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатлар якка ўзи ҳал қила олмайдиган қийинчиликлардир». Янги Президент ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун бошқа давлатлар раҳбарлари билан биргаликда ишлашга умид қилаётганини айтди.

Юн Сок Ёль, шунингдек, либерал демократия ва бозор иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдиган, халқаро ҳамжамиятнинг ишончли аъзоси сифатида ўз вазифаларини бажарадиган ва ҳокимият ҳақиқатан ҳам халққа тегишли бўлган мамлакатни барпо этишга ваъда берди. «Ушбу ўзгаришлар эркинлик, инсон ҳуқуқлари, адолат ва бирлик каби қадриятларга асосланади», деди Жанубий Кореянинг янги сайланган Президенти.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош консулхонаси: Оқтов шаҳри...

Кеча тунда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридаги кичик туманлардан бирида юз берган кучли портлаш...

Тошкентда “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2021” ...

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргаз...

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ...

Ўзбекистон Президентининг 18 августдаги қарори билан инвестициялар ва ташқи савдо вазирин...

Сўнгги янгиликлар