13/Январь/2022 Ватандошларимиз
СEУЛ, 13 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси вакилларининг жорий йил 7 январь куни вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун Корея Республикасига келган ва айни пайтда 10 кунлик карантин босқичини ўтказаётган 63 нафар ватандош билан онлайн-мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир давомида ўзбекистонлик ишчиларга Корея Республикасининг қонунчилиги, маданияти ва анъаналари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди, консуллик-ҳуқуқий масалаларга оид саволларга жавоб қайтарилди.
Шунингдек, иш жойини сабабсиз ўзгартиришнинг салбий оқибатлари бўйича ҳам атрофлича маълумотлар берилгани баробарида меҳнат фаолияти даврида юзага келадиган саволлар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонасига мурожаат этиш мумкинлиги маълум қилинди.