Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Июнь/2021   Жамият

Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги бош комиссарининг Ўзбекистонга амалий сафари якунланди


СЕУЛ, 21 июнь. /«Дунё» АА/. 16-20 июнь кунлари амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлган Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги бош комиссари Ким Чанг Ёнг бошчилигидаги делегация  кеча  тунда Тошкентдан Сеулга учиб кетди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири .

Жанубий Корея делегацияси раҳбари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, унинг доирасида икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида жамоат хавфсизлиги таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, терроризм, экстремизм, кибер жиноятчилик, одам савдоси ва наркотрафик, тажриба алмашиш, кадрларни танлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувлар натижасида идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва  Миллий гвардияси ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган амалий ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

Жанубий Корея делегацияси раҳбари сафарнинг сўнгги кунида  Ўзбекистон ички ишлар вазири ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига борди.  Меҳмонлар Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси фаолияти билан танишув давомида Ўзбекистонда, жумладан, Самарқанд вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ва чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

Делегация аъзолари ички ишлар бошқармасида бунёд этилган замонавий вазият маркази фаолияти, хавфсиз туризм, хавфсиз шаҳар лойиҳаси доирасида, шунингдек, «102» тизимининг операция имкониятларидан фойдаланган ҳолда жиноятчиликка қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида жамоат тартибини сақлаш соҳасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган амалий ҳамкорлик бўйича ҳаракат режаси ижросини таъминлаш учун ҳамкорликни  янада фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги раҳбари ва Ўзбекистон ички ишлар вазири бошқарма ҳудудида қад ростлаган  хотира майдонидаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб,  хизмат бурчини адо этаётган вақтда ҳалок бўлган ходимлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Жанубий Корея делегацияси Самарқанд шаҳрининг тарихий диққатга сазовор жойлари билан танишди. Асрлар давомида ўз сирларини кўк гумбазлар ва сирли кошинлар остида яшириб келаётган тарихий обидалар меҳмонларга катта таассурот қолдирди.

Маълумки, дунёга машҳур Регистон ансамбли аждодларимизнинг ижодий салоҳиятини ўзида акс эттирган масканлардан бири ҳисобланади. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори гумбазининг нақшинкор жилолари алоҳида қизиқиш уйғотди. Ким Чанг Ёнг Регистондаги  ҳар бир тарихий обидани катта завқ билан томоша қилиб, бу ерда тақдим этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан танишди. Жанубий Кореялик меҳмонларга мадраса қурилиши ва меъморчилиги тарихи, безаклар ва ёзувларнинг маъноси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Амир Темур мақбараси билан танишив асносида меҳмонларга буюк аждодимизнинг давлат қурилиши бўйича сиёсати, унинг умумбашарий истеъдоди, турли мамлакатлар билан дипломатия алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳибқироннинг ҳаёти ва ижоди, шунингдек, буюк аждодомиз томонидан бунёд этилган давлат тарихи меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

Мавзуга оид

Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон-Росс...

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасида Россиянинг академик Б...

Ўзбекистон ва Озарбайжон мактаб ўқувчила...

Ушбу фестивалнинг асосий мақсади келажакдаги истеъдодларни аниқлаш, улар қобилиятларини на...

Ўзбекистонда ҳудудларнинг ривожланиш дар...

Ўзбекистонда ҳудудларнинг ривожланиш даражаси баҳоланади....

Сўнгги янгиликлар