30/Январь/2023 Таълим
ЛОНДОН, 30 январь. /«Дунё» АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) проректори Г.Исмаилова бошчилигидаги мамлакатимиз экспертлар делегацияси амалий сафар билан Буюк Британияга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон вакиллари сафар давомида Кембриж университетида бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этдилар.
Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Кембриж университети профессор-ўқитувчилари, Евроосиё минтақаси ва Ўзбекистон масалалари бўйича ихтисослашган докторант ва талабалар, Буюк Британиядаги тадқиқот марказлари ва илмий фондлари вакиллари, шунингдек, Британия университетларида таҳсил олаётган юртдошларимиз иштирок этишди.
Тадбир қатнашчилари мамлакатимиздаги модернизация жараёнлари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва мамлакатимиз халқига йўллаган Мурожаатномасининг асосий мазмун-моҳияти ва яқин келажакда республикани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар билан танишдилар. Иқтисодиётни либераллаштиришнинг кейинги режалари, мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, қўшни Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви масалалари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Илмий-тадқиқот ва таълим соҳасида Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигини ривожлантириш учун фойдаланилмаган катта салоҳият ва янги имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Кембриж университети вакиллари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва мамлакатимиз халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини ҳамда Ўзбекистонда 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб эълон қилинганини юқори баҳоладилар. Мамлакатимизнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашда инсон капиталининг алоҳида аҳамияти борлиги қайд этилди. Шу жумаладан, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва илмий ходимларини хорижий давлатларга илмий изланишлар олиб бориш ва малака ошириш учун мунтазам равишда жўнатиш тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.
Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми директори С.Саксена Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим ўрни ва ролини қайд этди. «Мамлакатнинг очиқлиги, амалга оширилаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатаётгани ҳолда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда», деди у.
Давра суҳбати якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тез орада Ўзбекистонда ҳам британиялик экспертлар иштирокида шу каби учрашувларни ташкил этишга келишиб олишди.