Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

11/Декабрь/2021   Таҳлил

Иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шериклик: умумий жиҳат ва тафовутлар

ТОШКЕНТ, 11 декабрь. /“Дунё” АА”. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланди.


Жаҳон сиёсатида “иттифоқчилик муносабатлари” тушунчаси нимани англатади? У стратегик шерикликдан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Сиёсий фанлар доктори Сардор Усмонов “Дунё” ААга шу ҳақда сўзлаб берди.

- “Иттифоқчилик муносабатлари” (allied relations) ва “стратегик шериклик” (strategic partnerships) тушунчалари халқаро муносабатлар тизимида катта аҳамиятга эга феноменлар ҳисобланади, - деди эксперт. - Иккиси ҳам давлатлараро муносабатларда ўзининг алоҳида ўрнига эга. Шу билан бирга, бу икки тушунча ўртасида нозик фарқлар мавжуд.

Иттифоқдош давлатлар ўртасида, одатда, дўстлик, яқинлик, табиий ҳамжиҳатлик, уйғун муносабатлар мавжуд бўлади. Ғарб манбаларида бундай давлатлар “табиий иттифоқдошлар” (natural allies) деб ҳам аталади.

Стратегик шериклик ҳолатида эса икки давлатни умумий манфаатлар бирлаштириб, сиёсий қадам ва сайъ-ҳаракатларни биргаликда, келишган ҳолда қабул қилишга ундайди.

Масалан, АҚШ ва Буюк Британия Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам, урушдан сўнг ҳам кўплаб халқаро масалаларда табиий иттифоқдошлар саналган. Икки мамлакат умумий маданий ва уйғун сиёсий қадриятларга эга. Иккиси ҳам либерал капитализм ва демократияни тарғиб қилган. Икки жамиятдаги уйғунликлар икки ҳукумат ўртасидаги сиёсий ҳамкорликни “табиий иттифоқдошлар” мақомида амалга оширишга кўмак беради.

Стратегик шериклик ҳолатига эътибор қаратайлик. Мисол учун, Европа Иттифоқи дунёнинг 10 дан зиёд давлат ва қатор минтақалар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган. Европа Иттифоқининг стратегик шериклари қаторида, жумладан, Россия ҳам бор.

Бу ҳолатда, энг биринчи навбатда, миллий манфаатларнинг уйғунлиги бўлиб, стратегик қарорларни биргаликда, ҳамжиҳат бўлиб қабул қилиш назарда тутилади.

Бироқ кенгроқ қараганда, стратегик шериклар иттифоқдошлардан фарқли ўлароқ, маданий ёки мафкуравий яқинликка эга бўлиши шарт эмас. Аммо хавфсизликка умумий таҳдидлар ва хавф-хатарларга юзланганда икки томон ўзларининг маданий ва мафкуравий тафовутларига эътибор қаратмай, стратегик шерикларга айланади. Умумий муаммога қарши икки томон ўзларининг стратегик ресурс ва имкониятларини бирлаштириб, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзади. Миллий манфаат барча мулоҳазалардан устун бўлади.

Давлат учун ҳам иттифоқчилик муносабатлари, ҳам стратегик шериклик фойдали ва зарурдир. Иттифоқдош ва шериклар билан давлат ўзини кучлироқ ҳис қилади ва унинг фаолият жуғрофияси кенгаяди. У минтақавий ва ҳатто глобал жараёнларга кўпроқ таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Стратегик шериклар билан мамлакатнинг ўз рақиблари устидан иқтисодий ва сиёсий рақобатда ғалаба қозониш салоҳияти ошади. Иттифоқдошлар билан эса мамлакатнинг халқаро саҳнадаги қарорлари ва хатти-ҳаракатлари легитим, мантиқан асосли туюлиб, уларга нисбатан халқаро ҳамжамиятда ишонч юқорироқ бўлади. Чунки бу қарорлар бир нечта мамлакатнинг розилигини олган бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда – иттифоқдош ёки шерик бўладими – мамлакатлар биргаликда янада кучлироқ бўлади. Шунинг учун тарихан ҳар бир сиёсий етакчи ўз мамлакати учун иттифоқчи ва ҳамкорлар тармоғини кенгайтириб, ана шундай иттифоқ унинг мамлакатига қарши шаклланишини бартараф қилишга уринган.

Қайси бири муҳимроқ – иттифоқдошми ёки стратегик ҳамкорми, – бу риторик саволга жавоб бериш қийин. Жавоб муайян тарихий ва стратегик вазиятга боғлиқ.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида икки давлат иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзолагани чинакам тарихий воқеага айланди.

Таъкидланганидай, декларацияда икки қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топди.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқдош давлатларга айланди. Бу икки давлат ва халқнинг хоҳиш-иродасидир. Табиий тарихий жараёнлар маҳсули бўлган ушбу янги формат ҳар икки давлатнинг минтақавий ва глобал мавқеини ошириш учун муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

“Бир-бирини тўлдириб туриш” тамойили билан икки мамлакат ҳозир биргаликда янада кучлироқ бўлди.

Мавзуга оид

ХАТМ раҳбари Дониёр Қурбонов: Aсосий ваз...

Россия халқаро тадқиқотлар ассоциациясининг ХIII Конвенти доирасида ўтказилган махсус сесс...

Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат: тизимли “қ...

оронавирус пандемияси глобал даражада жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиётига катта ...

Душанбеда "Ўзбекистон ва Тожикистон раҳб...

Бугун Тожикистон пойтахтида "Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничи...

Сўнгги янгиликлар