25/Май/2022 Иқтисодий дипломатия
ТОШКЕНТ, 25 май. /«Дунё» АА/. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) кеча Ўзбекистон ҳукумати ва Хитой ҳукумати ўртасида Техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, ҳужжат Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов ва Хитой элчиси Цзян Янь томонидан имзоланди.
Битим ХХР ҳукумати томонидан Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун 250 миллион юань (37,5 миллион АҚШ доллари) миқдорида беғараз ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Бугунги кунгача икки мамлакат ўртасидаги техник-иқтисодий ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият, транспорт ва бошқа соҳаларда лойиҳалар амалга оширилди.